Сиздан ортиқча ҳужжат талаб қилинса, Адлия вазирлигига мурожаат қилинг
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6191-сон Фармонларига асосан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматларини кўрсатишда бир неча ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш бекор қилинган.
Булар:
- шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
- шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;
- меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари;
- кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхалари;
- солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
- диплом маълумотлари (олий таълим ва ўрта махсус);
- тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотлари;
- “Манзил-маълумот”, шунингдек, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ва бошқалар (тўлиқ рўйхат юқоридаги ҳаволада).
Бу турдаги ҳужжатлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда олинади.
Юқорида кўрсатилган ҳужжат ёки маълумотларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолидан талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисобланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215 (5) -моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилади.
Агар Сиз талаб қилиниши бекор бўлган ҳужжатларни сўраш ҳолатларига дуч келсангиз, Адлия вазирлигининг 1148 Cаll-марказига мурожаат қилишингиз мумкин. Шунингдек, бу ҳақда бот манзилига ёзиб қолдирсангиз ҳам бўлади.