Соғлиқни сақлаш соҳаси оғир жудоликка учради

Самарқанд давлат тиббиёт институти 1-клиник шифохонаси бош шифокори Нурмамат Абдуллаев вафот этди.

Н.Абдуллаев 1945 йил 12 апрелда Хоразм вилояти Хива шаҳрида туғилган. 1967 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини имтиёзли тамомлаб, ушбу олий ўқув юртида турли лавозимларда фаолият юритди. 1993 йилдан шу кунга қадар Самарқанд давлат тиббиёт институти 1-клиник шифохонаси бош врачи лавозимида узлуксиз ва самарали ишлади. Унинг раҳбарлигида клиника фаолиятида туб ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.

Н.Абдуллаев маҳоратли раҳбар бўлиш билан бирга, катта клиник тажриба ва чуқур билимга эга врач-терапевт сифатида оғир аҳволдаги беморларни рационал даволаш орқали минглаб касалларни ҳаётга қайтаришга муносиб ҳисса қўшган. Ўзининг инсонпарвар, халқпарварлиги туфайли жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлди. Меҳрибон ота, оилапарвар инсон сифатида 4 фарзандни тарбиялади.

Н.Абдуллаев давлатимиз раҳбарининг фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони ҳамда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти жамоаси Самарқанд давлат медицина институти 1-клиник шифохонаси бош шифокори Нурмамат Абдуллаевнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.