Соғлиқни сақлаш вазири йиғилишга таклиф келмаганини айтди, Сенат эса буни рад этмоқда
Жорий йил 24 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг умумий овқатланиш корхоналари ва таълим тизимида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур масала юзасидан ахборот бериши кўзда тутилган бўлишига қарамасдан, вазирлик раҳбарияти Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг расмий хатини (18.12.2019 йилдаги 09-17/2549-сонли хат) эътиборсиз қолдириб, номаълум сабабларга кўра, мажлисда иштирок этмади.
Бироқ соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов ушбу ҳолатни батафсил ўрганмасдан, шу йил 25 декабрда Бош прокуратурада бўлиб ўтган йиғилишда Сенат Кенгашининг кенгайтирилган мажлисида иштирок этиш учун ёзма таклиф келиб тушмаганлигини билдирган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис Сенатининг тегишли Қўмитаси хати 2019 йил 20 декабрь куни фельдалоқа хизмати орқали етказилган ва шу куни соат 11.45 да Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходими томонидан қабул қилиб олинган.
Соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур хатти-ҳаракатлари ва вазирликдаги ижро интизомини кучайтириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлиги юзасидан Олий Мажлис Сенати томонидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли хат юборилди, дея маълум қилди Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати.