Соғлом ижодкор соғлом фикр юритади

Бу каби гаплар вилоят Матбуот уйида вилоят эндокринология диспансери мутахассислари иштирокида "Ноябрь – қандли диабет ойлиги" муносабати билан ташкил этилган тадбирда айтилди.

Статистик маълумотларга қараганда, бугун дунё бўйича 1,9 миллиард киши ортиқча вазн муаммосига дучор бўлган, 450 миллион нафарга яқин киши қандли диабет касаллигига чалинган. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистоннинг 46 фоиз аҳолисида ортиқча вазн билан боғлиқ муаммо мавжуд. Аҳолининг 18 фоизи семизлик, 8,7 фоизи эса қандли диабет билан касалланган. Самарқанд вилоятида қандли диабет билан 39087 нафар бемор диспансер назоратига олинган бўлиб, улардан 418 нафарини болалар ташкил этади.

Шунингдек, тадбирда преморбид эндокрин касалликларни эрта аниқлаш, профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ҳамда жисмоний фаоллик дастурларини аҳоли орасида кенг кўламда татбиқ этиш бўйича оилавий шифокорлар бириктирилган тренерлар томонидан режали дастур асосида ўқитилганлиги ва ҳозирги кунда ҳам фаолият юритаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ойлик доирасида, вилоятимиз ҳудудларида аҳоли, айниқса, таълим муассасалари ўқитувчилари орасида скрининг текширув тадбирлари, “Очиқ эшиклар куни” қон ва пешобда қанд микдорини аниқлаш ишлари амалга оширилгани айтиб ўтилди.

Тадбир доирасида журналист ва блогерлар учун диспансер мутахассислари томонидан қандли диабет, УТТ, УЗИ, окулист, кардиолог ва невропатолог текширувларидан ўтказилди.

-  Тўғриси, мутахассислар томонидан ижод қилиш учун ҳам саломатлик муҳим, дегани гапи мени янада ўз саломатлигим тўғрисида қайғуришга ундади, -дейди фахрий ижодкор Толиб Жўраев. – Ҳақиқатан ҳам соғлом инсондагига соғлом фикрлар, ғоялар туғилади. Шунинг учун ҳам бугун ташкил этилган тиббий кўрик айни муддао бўлди.

Тадбир вилоят эндокринология диспансери, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ҳусан Элтоев.