“Соҳибқирон Темур” жамоаси ҳарбийликка тайёр эканлигини кўрсатди
Нуробод туманидаги “Сазағон” дала ўқув майдонида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони кубоги учун “Ватанпарвар” ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказилди.
Дастлаб Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А.Саидов ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимининг ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчиси А.Раимжонов бу каби мусобақалар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаши, чиниқтириши ҳамда ҳарбийликка тайёрлаши мумкинлиги ҳақида гапирди ва иштирокчи ўқувчиларга омад тилади.
Шундан сўнг мусобақанинг қуйи босқичи - барча шаҳар ва туманларида ғолиб бўлган 16 жамоа беш шарт бўйича ўзаро баҳс олиб борди. Хусусан, жамоалар “Моҳир мерган”, “Ҳарбий эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Сафда қўшиқ айтиш”, “Темур тузуклари билимдони” шартларида ўз маҳоратларини кўрсатишди.
Муросасиз кечган беллашув якунида Пахтачи туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактабининг “Соҳибқирон Темур” жамоаси кубокка эга чиқди. Шунингдек, улар мусобақанинг республика босқичи, яъни “Мудофаа вазири кубоги” баҳсида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Иккинчи ўринга Каттақўрғон шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабининг “Темур ворислари” жамоаси сазовор бўлди. Учинчи ўрин Паст Дарғом туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг “Лочин” жамоасига насиб этди.
Тадбир якунида Самарқанд шаҳридаги 41-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Саида Хайруллаева “Темур тузуклари билимдони”, Каттақўрғон шаҳридаги 17-мактаб ўқувчиси Фурқат Зайниддинов “Энг кучли спортчи”, Паст Дарғом туманидаги 1-мактаб ўқувчиси Шоҳжаҳон Ҳусанов “Моҳир мерган”, Самарқанд шаҳридаги 41-мактаб ўқувчиси Илҳомжон Достонов “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, Нарпай туманидаги 66-мактаб ўқувчиси Камолиддин Жўраев “Сафда қўшиқ айтиш” шарти бўйича энг яхши натижа кўрсатгани учун алоҳида тақдирланди.
Ҳусан Элтоев.