Самарқандда аскар оналарига кутилмаган совға тақдим этилди
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Аскар оналарини шарафлаймиз!» номли маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтмоқда.
Марказий ҳарбий округ ташаббуси билан ўтказилаётган анжуманга фарзандлари бошқа вилоятларда хизмат қилаётган оналар, аскарлар иштирок этмоқда.
Аввало оналар Марказий ҳарбий округда аскарлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Хусусан, аскарларнинг китоб мутолааси учун ташкил этилган замонавий кутубхона, панорамали ўқ отиш тренажёр зали, руҳий зўриқишларни бартараф этиш хонаси ва бошқа қулайликларни кўздан кечиришди.
Марказий ҳарбий округ қўмондони А.Саидов иштирокчиларни байрам билан қутлар экан, юртимизда ҳарбийлар, уларнинг оилалари учун яратилаётган шарт шароитлар ҳақида тўхталди.
Оналар учун кутилмаган совға - Бухорода хизмат бурчини ўтаётган аскарларнинг ташрифи барчанинг кўзларида ёш қалқишига сабаб бўлди.
- Ҳарбий қисмга келишда бундай эҳтиром ва ҳурматни кутмагандим, - дея ҳаяжонини яширолмади булунғурлик Малоҳат Умрзоқова. - Айниқса, фарзандимнинг кириб келиши кутилмаган совға бўлди. Эртагача фарзандларимиз билан вақтимизни ўтказишга рухсат берилишидан бошимиз осмонга етди.
Г.МЎМИНОВА.