Вертолёт, танк ва артиллерия қуроллари: Аралаш таркибдаги жанговар техника ва бўлинмалар билан амалий машғулотлар ўтказилди (фото)

10 октябрь куни Марказий ҳарбий оркугга қарашли Каттақўрғон полигонида аралаш таркибдаги жанговар техника ва бўлинмалар билан навбатдаги амалий машғулотлар ўтказилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Машғулот 3 кун муддатда доимий жанговар шайликдаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилиб, унда 30 га яқин ўқув жойларида отиш машқлари бир вақтнинг ўзида ташкил этилди.

Дастлаб, вертолёт авиацияси орқали махсус бўлинмалар белгиланган жойга десантлаштирилди. Шундан сўнг, разведка маълумотларига таяниб, артиллерия бўлинмалари 15 километр масофадаги ва “зенит”чилар эса ҳаводаги нишонларни бирин-кетин яксон қилишди.

Жанговар танклар машқ бажариш қоидасига кўра, ёндан ҳаракатланди. 125 миллиметрли тўплардан отилган “осколкали парчаланувчи”, “кумулятив” ҳамда “зирҳтешар” снарядлар 1200 метр масофадаги мўлжални йўқ қилди. Шунингдек, танкчилар билан амалий ҳайдаш машғулотлари ҳам ташкил этилди.

 Ҳарбий хизматчилар кичик калибрли қуроллардан жанговар тайёргарликнинг янгича усулларини қўллаган ҳолда машқ бажаришди.

Аралаш таркибдаги машғулот Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ижобий баҳоланди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати.