Солиқ идорасининг масъулияти чекланган жамиятга молиявий жарима қўллаш ҳақидаги аризаси рад этилди. Нега?

Жомбой туманлараро иқтисодий судига туман давлат солиқ инспекцияси ариза билан мурожаат қилиб, «KARVANGROUP» масъулияти чекланган жамиятига 174 миллион 505 минг 648 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Қайд этилишича, Марказий банк томонидан марказлашган тартибда Давлат солиқ қўмитасига тақдим этилган маълумотга асосан айланмадан олинадиган солиқ тўловчи тоифасига кирувчи «KARVANGROUP» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташқи савдо шартномалари бўйича валюта тушуми туширилиши белгиланган муддатлардан кечиктирилган. Шу боис МЧЖ муддати ўтган дебитор қарздорликни бартараф этиш чораларини кўриш, акс ҳолда молиявий жарима қўлланиши ҳақида огоҳлантирилган. Бироқ корхона томонидан дебитор қарздорлик бартараф қилинмаган ҳамда жарима ихтиёрий равишда тўланмаган.

Суд мажлиси муҳокамасида иштирок этган жавобгар «KARVANGROUP» масъулияти чекланган жамияти раҳбари қўшимча ҳужжатлар тақдим этиб, бугунги кун ҳолатига дебитор қарздорлик бартараф этилганлигини билдириб, “Агробанк” вилоят бошқармаси Сиёб филиали томонидан тасдиқланган маълумотни тақдим этган.

Иш ҳужжатларидан ва суд жараёнида аниқланган ҳолатлардан маълум бўлишича, «KARVANGROUP» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташқи савдо шартномалари бўйича 2020 йилнинг 26 декабрь ҳолатига 16 минг 700 доллар миқдорида муддати ўтган дебитор қарздорлик бўлган.

Жавобгар томонидан судга тақдим этилган банк маълумотномасида  “Агробанк” Самарқанд вилоят бошқармаси Сиёб филиалининг 2021 йил 19 февралдаги маълумотига кўра, юқорида келтириб ўтилган муддати ўтган дебитор қарздорлик 2021 йил 19 февраль ҳолатига барча асбоб-ускуналарни олиб келганлиги ва ҳозирги вақтда тўлиқ бартараф этилганлиги маълум қилинган.

 Юқоридагиларга кўра, суд  жавобгар томонидан муддати ўтган дебитор қарздорлик тўлиқ бартараф этилганлиги сабабли, жавобгар «KARVANGROUP» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан 174 505 648 сўм молиявий жарима қўллашни мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайди.

“Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддаси 1-қисми 2-бандига кўра, аризачи ва жавобгар - ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича иқтисодий судга аризалар берганлик учун давлат божини тўлашдан озод этилган.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 118-моддасига кўра, даъвогарнинг талаблари у судга мурожаат қилганидан сўнг жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қаноатлантирилса, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилади.

Суд иш ҳужжатларини текшириб, аризачи вакилининг кўргазмасини тинглаб жавобгар томонидан дебитор қарздорлик бартараф этилганлиги сабабли аризани қаноатлантиришни рад этишни, жавобгар «KARVANGROUP» масъулияти чекланган жамиятидан аризачи Жомбой туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига олдиндан тўланган 17 минг 840 сўм почта харажатини ундиришни лозим деб топди.

Н.Турсунова,

Жомбой туманлараро иқтисодий суди судьяси.