Солиқ органларида коррупцияга йўл йўқ!

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида “Солиқ органларида коррупцияга йўл йўқ!” мавзусида тадбир ўтказилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг масъул ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда давлат солиқ органларида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз борди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётганига алоҳида тўхталиб ўтганди. Чунончи, ёвуз балонинг олди олинмаса, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслигини қайд этган эди.
Тадбирда айнан солиқ тизими ходимларини “ҳалоллик вакцинаси“ билан эмлаш борасида қандай ишларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида атрофлича фикрлар билдирилди. Барча соҳаларда бўлгани каби давлат солиқ хизмати органларида ҳам коррупцияга қарши курашиш, ушбу иллатга бошловчи ҳар қандай салбий омилларнинг олдини олиш борасида комплекс чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди.
– Давлат солиқ хизмати органларида коррупциянинг олдини олиш жуда муҳим масала ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ўз хавфсизлиги бўлими ходими Азизжон Толлиев. – Чунки ушбу жиноят солиқлардан қочиш механизмига кенг йўл очиб, ходимлар ўртасида порахўрликка, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига олиб келади. Бу эса ўз навбатида, иқтисодиётга катта зарар етказиб, турли ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ўз хавфсизлиги бўлими ходимлар ўртасида коррупция, умуман, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай турига қарши курашиш борасида тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказиб келмоқда. Шаҳар ва туманлар давлат солиқ инспекцияларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда. Тарғибот тадбирларида коррупциянинг олдини олишга бағишланган видеофильмлар намойиш қилинмоқда, порахўрликка сабаб бўлувчи омиллар атрофлича таҳлил этилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, тараққиётга тушов бўладиган коррупцияга қарши курашишга барча бирдек масъул эканини унутмаслиги, ушбу жараёнда жамиятнинг ҳар бир қатлами фаол бўлиши лозим. Зеро, огоҳлик ва ҳалоллик, масъулият ва касбга садоқат ушбу жирканч иллатга қарши курашишда муҳим мезон саналади.
Тадбирда коррупциянинг нақадар жирканч иллат эканлиги, унинг домига тушганларни қандай аянчли оқибатлар кутаётгани акс эттирилган “Жамият танасидаги қурт” номли видеолавҳа намойиш этилди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.