Академик Ботирхон Валихўжаевни эслаб: Сўнгги дуо ёхуд етуклик тимсоли

Устоз Ботирхон Валихўжаев билан деярли ота-бола каби эдик, ўзаро дардлашардик, бошқаларга ва ҳар жойда айтилмайдиган гапларини менга айтардилар, ўзимча мен ҳам фикр билдирган бўлардим. Балки устозим билан бўлган бу яқин муносабатлар талабалик давридан бошланган қизғин суҳбатларда, қўл остиларида аспирантликда олиб борилган изланишларда, кафедрасига тўлиқ ўқитувчи лавозимига ишга олганларидаги ишончда юзага келгандир.

Домла бизни мангу тарк этганларидан кейин булар ҳақида сўз юритмоқчи бўлар эдим, бироқ гоҳ ҳаддим сиғмасди, кейинга қолдирардим, баъзан эса негадир ийманардим.

Устоз чин маънода ўз даврининг энг комил инсонларидан бири эди, десам лоф қилмайман. Инсоний ва олимлик хислатлари домлада уйғун ва мукаммал кўринишда эди. Қуйидаги лавҳаларда бу нарсалар ўз ифодасини топган.

Илмий ҳалоллик ва бирламчи манбаларга асосланиш

Устознинг илмий-педагогик соҳада шогирдларига қўядиган биринчи талаби – ҳалоллик, асл манбаларга суяниш, аргументлилик эди. Устознинг ўзлари араб ёзувидаги қўлёзма манба қайси тилда ёзилган бўлишидан қатъий назар оригиналида эркин ўқирдилар ва ўзлари биринчи тадқиқотчи сифатида талқин қилар, манбаларга худди шундай ёки шунга ўхшаш муносабатда бўлишни шогирдларидан ҳам талаб қилар эди. Шу сабабли домланинг шогирдлари нафақат адабиётшунос, балки манбачи ва матншунос, тарихчи ва шарқшунос бўлиб ҳам етишар эди. Бундай олимлар сирасига профессорлар М.Муҳиддинов, Ш.Сирожиддинов, Ж.Ҳамроев кабиларни киритиш мумкин.

Алишер Навоий ҳаётини кўплаб қўлёзма манбалар асосида ўрганиб уни қайта ва мукаммал ҳолда ишлаб чиққан навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов "Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий типологик таҳлили” монографияси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлганлигининг негизида шубҳасиз Ботирхон Валихўжаев устозлик маҳорат мактабининг ўрни беқиёс.

Аспирантурада қолишим ва устознинг шогирдларини “қизғаниши”

Университетни тугатган йилим, собиқ курсдошим Шавкат Ҳасанов уйимга қўнғироқ қилиб, ўша вақтдаги ўзбек филологияси факультети декани, профессор Нуриддин Шукуров ҳозирги замон ўзбек адабиёти йўналиши бўйича аспирантурага бир жой келганлиги ва унга мени муносиб кўраётганлигини айтди. Аслида менинг талабаликдаги йўналишим ўзбек адабиёти тарихи бўйича бўлганлиги сабабли ҳайрон бўлдим. Факультетга бориб, деканга учрашганимдан кейин “Йўналишингизни мумтоз адабиётдан совет даври ўзбек адабиётига ўзгартирасиз энди Эркинбой,  ишларингизга муваффақият” деб аспирантурага қабул қилишлари учун аризамни олиб қолди ва ўзлари раҳбар бўлиш истагини айтди.

Декан хонасидан чиқиб “Ўзбек адабиёти тарихи” кафедраси мудири, устозим Ботирхон Валихўжаевга учрашдим, аспирантурага қабул бўлаётганлигим, бироқ соҳам ўзбек адабиёти тарихи эмас, балки ҳозирги замон адабиёти бўлаётганлигидан домлани огоҳ қилдим. Устоз бироз норозидай бўлдилар, сўнг “кетмай туринг” деб ўрниларидан туриб декан хонасига кириб кетдилар. Ярим соатлардан кейин жиддий қиёфада қайтиб келган устоз аризани “Ўзбек адабиёти тарихи”га мослаб қайта ёздирдилар-да, уни олиб яна декан хонасига йўл олдилар. Тушунишимча, икки улуғ аллома ўртасида бироз “шогирд тортишуви” бўлиб ўтган. Одатда доим бағрикенг, кечиримли бўлиб юрган устоз Ботирхон Валихўжаев бу сафар қатъий характер кўрсатиб, шогирдини ўзига қайтариб олган ва бу ҳам етмагандек, аспирантура бўлимига қўнғироқ қилиб унинг йўналишини “Ўзбек адабиёти тарихи”га ўзгартирган.

Шу-шу, мен домланинг ёнида, кафедрасида қолиб тадқиқот ишларини олиб бордим. Бир йилдан кейин устоз мени кафедрага ўқитувчи қилиб ишга олдилар. Ўша вақтда кафедрада устоздан ташқари профессор Раҳмонқул Орзибеков, доцентлар Қобилжон Тоҳиров, Шавкат Холматов, Раъно Фозилова, Анора Мўминова каби ёши улуғ домлалар ишлар эди.

Адашмасам, бир йилдан сўнг кафедрага Шуҳрат Сирожиддинов ўқитувчи бўлиб ишга келдилар ва у киши ҳам Ботирхон Валихўжаевга шогирд бўлдилар. Бир йил ўтиб устознинг шогирдлари яна биттага кўпайди. 1992 йили Самарқанд педагогика институти СамДУга қўшилгач, у ердаги ўқитувчилар таркиби қатори ўша вақтда доцент бўлган Муслиҳиддин Муҳиддинов кафедрамиз аъзосига айландилар. Шундан кейин кафедрада қайноқ, завқли-шавқли илмий муҳит ҳукмрон бўлди. Бундай файзли бўлган яна бир муҳитни эслолмайман.

Устоз валиймиди?

Билмадим, балким устозимда инсон психологиясини англаш хислати жуда мукаммал тарзда ривожланган ёки устоз ростдан ҳам аллақандай ғайри табиий хусусиятларга эга инсон бўлган, ҳарқалай мен кўрган ва англаган айрим нарсаларни тушунтириш бироз мушкулдир.

Устознинг ҳали юз бермаган нарса-воқеаларни олдиндан айтиб турадиган хислатлари бор эди. Масалан, кафедрада ўқитувчилар дарс соати тақсимотлари билан мен шуғулланар эдим. Бир куни деканимиз Тоҳир Қурбонов мендан шу тақсимотни келтиришимни сўраганида бу қоғозларни топа олмадим. Тақсимот уйда ҳам, кафедрада ҳам йўқ эди. Мендаги безовталикни кўрган домла “сиз излаётган қоғозлар маъруза қилган минбар устида турибди” деган ва ҳақ бўлиб чиққан эдир. Бир неча марта устозимдан дарсларимга оид китобларни ёки зарур маълумотни сўрамоқчи бўлиб хаёлимга келтирганимда “у китоб фалон жойда” ёки “фалон манбани кўринг, ўша ерда жавоб бор” тарзида маслаҳат берар эди. Айтилмаган саволга овозли жавобни эшитиш бироз ноодатий туюларди.

Маънавий фарзанд устунми ёки жисмоний фарзанд?

Ботирхон Валихўжаев Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги изланишларини давом эттираётган бир пайтда Мирзо Улуғбек, унинг комил шогирдлари ва Абдулатиф Мирзо, падаркўшлик ва ноқобил фарзанд психологияси кабилар ҳақида суҳбат қилдилар. Сўнг фикрларини хулосалаб, илм йўлида заҳмат чекаётган шогирдларнинг ҳам асли устоз учун бола, маънавий фарзанд эканлигига урғу бердилар. Домланинг фикрича, бу фарзандлар гарчи устоз вужудидан яралмаган бўлса-да, лекин зиёлининг онгидан, берган илмидан шаклланган. Гоҳида отанинг пушти камаридан бўлган ўғлонлар оталар истагандек эмас, бошқача ҳам бўлиш мумкинлигини юқоридаги тарихий ҳолатлар мисолида куюниб гапирган эдилар.

Сўнг менга қараб савол бердилар: “Сизнингча, жисмоний фарзанд устунми ёки маънавий фарзанд?”. Мен негадир домланинг бунчалик таъсирланишини кутмаган эдим, шошиб, “икки тоифадаги фарзандлар ҳам бирдек азиздир” деб қисқа қилдим. Устоз бироз жим турди-да, сўнг: “Маънавий фарзанд устун экан”, деди. Бу савол ва ўзларининг жавобларида мен оталарнинг ишончини оқлолмаган фарзандлар ҳақида умумий бир хулосани англагандек бўлувдим.

Видолашув дуоси

2005 йил август ойи охирларида - устоз вафот этишларидан уч кун олдин тилшунос олим Толиб Жўраев билан бирга уйларига бордик. Уй ичидагилар беморни асраш мақсадида четдан келувчиларни ичкарига киритмаётган, домла ҳолдан тойган ва қимирламаётган экан. Биз ҳам қайтмоқчи бўлиб энди шайланган эдикки, устоз келганлигимизни қаердандир билиб чақиртирди. Биз домла ётган уйга кирмай, бўсағага яқин жойдаги курсиларга ўтирдик, уй ичида тўшакда ётган устозим билан сўрашган бўлдик. Устоз ҳаракатга келдилар, белигача қаддини кутардилар-да икки қўлини дуога очдилар. Мен умрим бино бўлиб бунақа таъсирли ва узун дуони эшитмаган эдим. Устознинг товушлари титрагандек бўлди. Шундан кейин тушундимки, устоз аслида сўнгги олқиш айтиш баробарида биз билан видолашаётган экан. Кўзимдан ёш оқди, устознинг оёқларини маҳкам қучгим келиб ўрнимдан турдим. Бироқ бунга рухсат йўқ экан, Толиб ака йўлимни тўсди, бағрига олди. Устоз билан сўнгги марта кўзёш қилиб видолашдик.

Устоз Ботирхон Валихўжаев барчага ибрат бўладиган хокисор инсон, чин маънодаги зукко олим сифатида умр кечирдилар. Домланинг ҳар бир дарси адабиётшунослик учун кичик бир кашфиёт бўлар эди, эсиз, ўша вақтда факультетда на диктофон, на магнитофон бўлган, олтинга тенг маърузалар ёзиб олинмаган. Устоз бир дарсини ҳеч қачон иккинчи марта шу тарзда такрорламас, дарсларга қоғоз-матнсиз, лекциясиз кирар, ҳамма нарсани тўхтамай, ёддан қўнғироқдан қўнғироққача сўзлар эдилар.

Устоз дарс вақтини жуда қизғанар, ҳатто дақиқа ва сонияларни бекорга сарфламас, шу сабабли дарс вақтида талабалар йўқламасини қилмас эдилар. Йўқлама қилмасликнинг бошқа бир сабаби ҳам бор эди, чунки талабалар домланинг дарсини сира қолдирмас эди, ҳатто бошқа курс, факультет талабалари ёки оддий адабиёт шинавандалари, мухлислар келиб домланинг дарсларини шунчаки тинглашга, суҳбатини олишга муштоқ эди! Афсуски, бундай мукаммал инсонлар ҳаётда жуда кам, дунёга ҳам балки ҳар юз йилликда келар...

Устоз ҳақида айтадиганларим бисёр, қолган хотираларни ёзишга ҳам насиб бўлса вақт бўлади.

Эркин Мусурмонов,

 СамДУ профессори.