Сўровнома якуни: Фақат 32 фоиз иштирокчилар мактаб таъмири учун пул йиғилмаганини билдирди
Кеча каналимида “Бу йил мактаб таъмири учун ота-оналардан пул йиғилдими?” саволи билан сўровнома ўтказилганди.
Сўровнома аноним тарзда ўтказилиб, жамоатчиликнинг холис фикрини ўрганишга қаратилган. Бир кунлик натижа қуйидаги кўриниш олди:
32 фоиз иштирокчилар мактаб таъмири учун ҳеч ким пул сўрамаганини билдирган.
Қолган 68 фоиз иштирокчилар бунинг аксини у ёки бу тарзда билдирган.
Масалан, 42 фоиз ўқувчилар “Ҳа, таъмир учун пул йиғилди”, деган бўлса, 6 фоиз қатнашчилар “Энди йиғишяпти”, 5 фоиз респондентлар “Сўрашди, лекин бермадим” жавобларига тўхталган. 15 фоиз иштирокчилар эса “Йиғилди, лекин янги ном топишган: ҳомийлик” жавобини белгилаган.
Шунингдек, кўплаб ўқувчилар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Жумладан, фойдаланувчилардан бири ўз шахсий мулоҳазасида мактаб учун таъмирга пул бериш ёмон эмаслиги, фақат буни ўқитувчилар болалардан “пул олиб кел таъмирга” дея сўраши нотўғри экани, мактаб раҳбари бу масалани она-оналар билан муҳокама қилиши ва истаган киши ҳомийлик қилиши лозимлигини айтган.
Кўплаб иштирокчилар мактаб таъмири учун ўқувчилар воситасида ота-оналардан маблағ сўраш хато эканига, улар тенгдошлари олдида изза бўлиши мумкинлигига урғу қаратган. Яна аксарият фойдаланувчилар мактаб таъмири учун пул йиғишни энди ҳар қанақасига тўхтатиш тарафдори эканини билдирган.
Сўровнома давом этмоқда. Мавзу юзасидан жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ўрганиб борилади.