Спорт соҳасидаги муаммо ва камчиликлар қачон ҳал этилади?
Вилоятда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар қандай кетяпти, маҳаллаларда қурилган спорт майдончалари талабга жавоб берадими, спорт федерациялари қандай ишлаяпти?
Тизимдаги янгилик ва ўзгаришлар, муаммолар хусусида вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев билан суҳбатлашдик.
- Жорий йилнинг олти ойида вилоятда оммавий тадбирларни ташкил этиш календарь режасига мувофиқ, юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва «Workоut» бўйича аҳоли ўртасида ташкил этилган юзга яқин спорт мусобақалари ва тадбирларига қарийб 94 минг нафар аҳоли жалб қилинди, - дейди Ш.Рўзиев. - Шу билан бирга, маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилаётган «Беш ташаббус олимпиадаси» оммавий спорт мусобақаларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган 621 минг 461 нафар ёшларнинг мусобақаларда иштирок этиши таъминланди. Айни пайтда жараён давом этмоқда.
- Шуҳрат ака, кейинги икки йилда вилоятдаги маҳаллаларда 80 дан зиёд спорт майдончаси барпо этилди. Аммо кўпчилик ушбу соғломлаштириш майдончалари сифатсиз қурилгани ва қаровсиз қолдирилгани ҳақида айтмоқда. Бу қанчалик тўғри?
- Бу бор гап. Вилоятдаги маҳаллаларда спорт вазирлиги томонидан 2022-2023 йилларда 31 та универсал, 36 та стритбол-воркаут, 16 та воркаут майдончаси қурилган. Мазкур майдончалар асосан Булунғур, Жомбой, Иштихон, Қўшработ, Нарпай, Нуробод, Оқдарё, Пайариқ, Паст Дарғом, Самарқанд, Тойлоқ, Ургут туманлари ҳамда Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги маҳаллаларда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган спорт мусобақаларининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган ёшларнинг маҳалласига вазирлик томонидан қуриб берилган.
Аҳолидан тушаётган мурожаатлар асосида спорт вазирлиги ҳамда вилоят спорт бошқармаси ишчи гуруҳи спорт майдончаларининг қурилиш ҳолати, сақлаш, ундан фойдаланишни ўрганганда мавжуд 83 та спорт майдончасидан 11 тасининг ҳолати қониқарсиз эканлиги аниқланди. Уларнинг аксарияти Ургут туманидаги маҳаллаларда барпо этилган спорт майдончаларидир. Хусусан, тумандаги 13 та спорт майдончасининг 5 таси қаровсиз аҳволга келиб қолган. Андак, Зарафшон, Ватак, Кенагас маҳаллаларидаги спорт майдончаларининг резина қопламаси емирилган. Пастки Калангар маҳалласидаги универсал спорт майдончасининг ипли тўрлари яроқсиз аҳволга келиб қолган. Ваҳоланки, мазкур спорт майдончалари фойдаланишга топширилганига кўп бўлмаган. Каттақўрғон туманидаги Дўстлик, Тойлоқ туманидаги Бирлик маҳалласида барпо этилган спорт майдончалари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Яъни мазкур ҳудудларда спорт майдончаларидан унумли фойдаланишга эътибор берилмаган.
Ўрганиш давомида спорт майдончаларининг қурилиш ҳолати ва сифатига ҳам баҳо берилди. Мисол учун, Паст Дарғом туманидаги Болдир маҳалласида 2023 йилда қуриб фойдаланишга топширилган воркаут майдончасидаги айрим машғулот анжомларининг пайвандлаш қисми кўчиб тушган. Қурилишидаги камчиликлар юзасидан қурилиш ташкилоти мутасаддиларига кўрсатма берилди ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Айтиш жоизки, спорт майдончаларини сақлаш ва ундан фойдаланиш учун нафақат ҳудуддаги спорт мактаблари мутасаддилари, балки маҳалладаги ёшлар етакчилари, жисмоний тарбия фани ўқитувчилари масъул ҳисобланади.
- Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилмоқда. Бу бизга нима беради?
- «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида беш йўналишда «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари ўтказилмоқда.
Вилоятда ҳам жорий йилнинг март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача, август-сентябрь ойларида 30 ёшдан 49 ёшгача, октябрь-ноябрь ойларида 50 ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан спорт синовлари мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида қабул қилинмоқда. Шунингдек, спорт синовларини топширган фуқароларнинг таҳлилий маълумотларини ягона электрон базада юритиш амалиётини жорий этиш мақсадида my.sport.uz платформасида “Sport sinovlari” ахборот тизими ишга туширилган.
Бугунги кунгача мактаб ўқувчиларининг 503 минг 123 нафари (65 фоиз) спорт синовларини топширган бўлса, ОТМлардан 46 минг талаба спорт синовларини топшириш истагини билдирди. Йил якунига қадар аҳолининг 40 фоизидан спорт синовларини қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, махсус талабларини бажарган ғолиб ва совриндорлар «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, бир йил мобайнида кўплаб имтиёзлардан фойдаланади.
- Спорт соҳасида қандай қонунбузилиш ҳолатлари учраяпти?
- Вилоятда спорт соҳасида қонунбузилиш ҳолатлари ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш учун вазирлик тизимида алоқа каналлари ҳамда ишонч телефонлари ишламоқда. Шунингдек, тизимда юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, давлат буджети маблағларидан самарали фойдаланиш, ортиқча оворагарчиликка барҳам бериш мақсадида соҳадаги 24 та йўналишни қамраб олган «ERP-sport» ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилган. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини шакллантириш учун бошқармамизда коррупцияга қарши курашиш жамоатчилик тузилмаси иш олиб боряпти.
Аммо шунга қарамай, соҳада маъмурий кадрларни танлаш, иш ҳақларини ҳисоблаш ва тўлаш, спорт таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш, спорт муассасаларининг моддий-техник таъминоти, тренер-ўқитувчиларга малака тоифаси ҳамда спорт паспорти бериш билан боғлиқ қонунбузилишлар учрамоқда. Хусусан, яқинда Тойлоқ, Пайариқ ва Нарпай туманларидаги спорт муассасаларида шу каби ҳолатлар кузатилган бўлса, республика ишчи гуруҳининг ўрганиши натижасида Қўшработ, Нуробод ва вилоятнинг яна бир қанча туманларида «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақаларини ташкил қилиш, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовларини олиш ҳамда селекция ишлари билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар аниқланди. Камчиликларни бартараф қилиш ва ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга топшириқлар берилган.
- Спорт соҳасида эришилаётган ютуқлар ҳамда ўз навбатида муаммо ва камчиликларга тўхталсангиз.
- Вилоятда бугунги кунда 65 та спорт ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Спорт турлари бўйича вилоятимиздан Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига 1421 нафар - асосий таркибга 949 нафар, захира таркибга 472 нафар қабул қилинган. Бу миллий терма жамоа таркибининг қарийб 10 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
Жорий йилнинг беш ойи давомида вилоятимиз спортчилари Ўзбекистон чемпионатида 956 та (261 та олтин, 327 та кумуш, 368 та бронза), жаҳон, Осиё ва халқаро спорт мусобақаларида 176 та (52 та олтин, 54 та кумуш, 70 та бронза) медални қўлга киритди. Аммо вилоятдаги айрим спорт федерацияларда амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижаларни қониқарли деб бўлмайди. Жумладан, дзюдо, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, гимнастика, кураш ва самбо спорт федерациялари яхши натижа кўрсатётган бўлса, баскетбол, сузиш, гандбол, эркин кураш, қиличбозлик, от спорти, волейбол, спортнинг техник ва ўқ отиш, теннис, бадминтон, регби федерациялари қониқарсиз натижа қайд этмоқда. Шунингдек, кейинги йилларда пенчак силат, кикбоксинг, шотакан каратэ, ўзбек жанг санъати федерациялари Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибига спортчи етказиб бермаяпти. Федерациялардаги ушбу муаммолар соҳа масъуллари иштирокида муҳокама қилиниб, топшириқлар ижроси назоратга олинган.
- Жорий йил якунига қадар соҳада қандай ишлар амалга оширилади?
- Вилоятдаги таъмирталаб спорт иншоотлари манзилли дастур асосида босқичма-босқич таъмирланади. Инвестиция дастури бўйича 3 та спорт объекти фойдаланишга топширилади. Хусусан, Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида 250 ўринли ётоқхона, 250 ўринли ошхона ва 34х36 ўлчамли спорт зал қурилади. Вилоят футбол академиясида енгил конструкцияли сендвич панелдан 24х48 ўлчамдаги спорт заллари барпо этилади. Шунингдек, вилоятимиз бир нечта нуфузли спорт мусобақаларига мезбонлик қилади. Жумладан, 30 октябрь-3 ноябрь кунлари Регистон майдонида “Samarkand marathon” югуриш марафони бўлиб ўтади. 2026 йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ишлари бошланади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ суҳбатлашди.