Спорт хабарлари

Тоғ велосипеди

Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб" тепалигида ўсмирлар ва ёшлар, эркаклар ва аёллар ўртасида тоғ велосипеди, яъни “Mountain Bike” бўйича Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Хоразм, Сирдарё, Тошкент вилоятлари жамоаларидан 120 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Баҳслар натижасига кўра, умумжамоа ҳисобида Самарқанд вилояти жамоаси 1-ўринни, Хоразм вилояти жамоаси 2-ўринни, Тошкент вилояти жамоаси 3-ўринни қўлга киритиди

Гандбол

2010-2011 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида спортнинг гандбол тури бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди. Каттақўрғон шаҳрида ташкил этилган мусобақада туман (шаҳар)лардан 200 нафардан зиёд иштирокчи ғолиблик учун беллашди.

Мусобақада ўғил болалар ўртасида биринчи ўрин Иштихон тумани, иккинчи ўрин Каттақўрғон шаҳар ва учинчи ўрин Паст Дарғом тумани жамоаларига насиб этди. Қизлар баҳсида ҳам иштихонликларнинг қўли баланд келган бўлса, кейинги ўринларни Булунғур тумани ва Самарқанд шаҳар қизлар жамоаси эгаллади.

Оғир атлeтика

2009 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўғил болалар ўртасида оғир атлетика бўйича вилоят биринчилиги ғолиблари аниқланди. Самарқанд шаҳрида ўтказилган мусобақада туман (шаҳар)лардан 100 нафардан зиёд спортчи 10 та вазн тоифасида тош кўтариб, қуйидаги спортчилар ғолибликни қўлга киритди.

32 кг вазнда Улуғбек Асламов, 36 кг вазнда Алишер Алижонов, 40 кг вазнда Азизбек Файзуллаев, 44 кг вазнда Авалбоев Фаёзбек, 49 кг вазнда Шерали Пўлатов, 55 кг вазнда Абдулло Фралов, 61 кг вазнда Оғабек Исмоилов, 67 кг вазнда Наврўз Нарзуллаев, 73 кг вазнда Жонибек Шарифқулов, +73 кг вазнда Беҳруз Бозоров.

Кўпкураш

Вилоятимизнинг барча ҳудудида кўпкураш ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда. Жумладан, «Тинчлигимиз, тараққиёт ва фаровонлик учун!» шиори остида кўпкураш ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Иштихон тумани босқичи бўлиб ўтди.

Унда 4 та профессионал таълим муассасалари ўқувчи-ёшлари иштирок этиб, иштирокчилар мусобақа низомига асосан «Тезкор савол-жавоб баҳси», «АКМ автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш», «Турникка тортилиш», «Эстафета югуриш» ва «Пневматик қуролдан ўқ отиш» шартлари бўйича ўзаро беллашди.

Мусобақа натижаларига кўра, 1-сон касб-ҳунар мактабининг «Лочинлар» жамоаси 1-ўринни, 2-сон касб-ҳунар мактабининг «Шунқорлар» жамоаси 2-ўринни, педагогика коллежининг «Алпомиш» жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Бекзод Аҳмедов.