Спорт хабарлари

Бокс
Ургут туманидаги 1-болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида ўтказилган бокс бўйича Республика очиқ турнирида умумжамоа ҳисобида 6 вазнда иккинчи ўринни қўлга киритди.
Жумаладан, Одилшоҳ Халимов ва Муҳаммадали Халимов биринчи ўрин билан тақдирланган бўлса, Элёр Эсанов, Муҳаммадамин Садруллаев ва Улуғбек Шомуродов иккинчи ўринни эгаллади. Оғабек Ўлмасов эса учинчи ўрин билан кифояланди.

Футбол
Жомбой туманида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда вилоят “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ходимлари ўртасида мини футбол бўйича “Дўстлик спартакиадаси” бўлиб ўтди.
Вилоятимизнинг барча ҳудудидан келган ёшларни бирлаштирган футбол беллашуви якунида иттифоқнинг вилоят кенгаши жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар булунғурлик ва пайариқлик ёшларга насиб этди.

***

Самарқанд шаҳрида АТ “Халқ банки”нинг вилоят филиали томонидан “Бошқарув раиси кубоги-2019” мини футбол спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобоқада банкнинг барча шаҳар ва туман филиалларидан келган 20 та жамоа олимпия тизимида ғолиблик учун майдонда тўп сурди. Якунда “Халк банки”нинг Тойлоқ тумани филиали биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Каттақўрғон туман бўлими ва Самарқанд вилояти бўлими жамоаларига насиб этди.
Мусобақа сўнггида ғолиб жамоалар Самарқанд вилоят футбол ассоциацияси ва ҳомий ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Джит кун до


Самарқанд шаҳрида спортнинг джит кун до тури бўйича ўсмирлар ва катталар ўртасида республика турнири ўтказилди.
Унда республикамизнинг барча вилоятларидан 250 нафарга яқин спортчилар ғолиблик учун баҳсга киришди. Самарқандликлар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, иккинчи ўрин Бухоро вилояти спортчиларига ва учунчи ўрин Тошкент шаҳридан келган меҳмон спортчиларга насиб этди.

Эшкак эшиш
Самарқанд эшкак эшиш каналида слаломда эшкак эшиш бўйича республика турнири бўлиб ўтди.
Республикамизнинг барча ҳудудидан келган 100 нафардан ортиқ эшкакчилар беллашуви якунида Тошкент шаҳри эшкакчилари биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Наманган ва Самарқанд вилояти спортчиларига насиб этди.

Баскетбол
Самарқанд шаҳридаги енгил атлетика ва спортнинг ўйин турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида баскетбол бўйича 2005 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўғил ва қиз болалар ўртасида вилоят чемпионати бўлиб ўтди.


Халқаро баскетбол ассоциацияси қоидаларига асосан олимпия тизимида ўтказилган баҳслар якунига кўра, қизлар ўртасида Жомбой туманидаги 18-мактаб жамоаси биринчи ўринга лойиқ кўрилди. Самарқанд шаҳар 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби иккинчи ва Тойлоқ болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Ўғил болалар ўртасидаги баҳсда Самарқанд ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Самарқанд шаҳридаги 45-мактаб ҳамда Булунғур туманидаги 23-мактаб спортчи-ўқувчиларига иккинчи ва учинчи ўринлар насиб этди.

Ахрор ШАМСИЕВ.

Акробатика
Тошкент шаҳрида ўтказилган спорт акробатикаси бўйича катталар ўртасидаги XI Осиё чемпионатида 4 нафар самарқандлик гимнастикачилар муносиб иштирок этди.
Мураббий Ҳайрулла Жўраев бошчилигида қатнашган гимнастикачилар Хушбахт Исоматов, Фозилжон Файзиев, Муроджон Мелиев, Зуҳриддин Абдусаломов иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медаль билан тақдирланди.

Юнон-рим кураши
Жиззах шаҳрида юнон-рим кураши бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
300 нафар ёш курашчилар баҳсида вилоятимиз вакиллари Қувончбек Яхшибоев, Жафар Мустафоқулов ўз вазн тоифасида олтин медаль билан тақдирланган бўлса, Диёрбек Бектурдиев, Акмал Шарифбоев, Бектемир Норматов бронза медални қўлга киритди.

Спорт гимнастикаси
Самарқанд шаҳридаги гимнастика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида вилоятимиздаги умумий ўрта таълим мактабларининг 100 нафарга яқин ўқувчилари ўртасида спорт гимнастикаси бўйича мусобақа ўтказилди.
Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти вилоят бўлими ҳамда вилоят гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа якунида Самарқанд шаҳри ёш гимнастикачилари энг кўп медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Бекзод АҲМЕДОВ.