Суд тизими архивида қандай ҳужжатлар, қанча вақт сақланади?

Давлат архивлари қуйидаги тоифаларга бўлинади:

1-миллий архивлар;

2-марказий давлат архивлари;

3-вилоят ва туман (шаҳар) давлат архивлари;

4-тармоқ давлат архивлари.

Барча тоифадаги давлат архивлари ҳокимлик ва бошқарув органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари, шунингдек улар томонидан олинган ёки уларга нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар топширган архив ҳужжатлари билан жамланади.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлашнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, республика бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари - ўн беш йил мобайнида;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари, вилоят бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари - ўн йил мобайнида;

туман ва шаҳар бўйсунувидаги давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари - беш йил мобайнида;

устав фондида давлат улуши бўлган, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, бошқа ташкилотларнинг архив ҳужжатлари - ўн йил мобайнида;

илмий, технологик, конструкторлик ва патент ҳужжатлари - йигирма йил мобайнида;

овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари - тайёрланган вақтидан бошлаб уч йилдан ошмаган муддат мобайнида;

машинада ўқиладиган ҳужжатлар эса - беш йил мобайнида.

Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари, нотариал ҳаракатлар ёзувлари, суд ишлари ва хўжалик китоблари идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатлари ўтгач белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади.

Суд тизимида идоравий архив ишини мудир (архивариус) юритади. Унинг зиммасига архив паспортини юритиб, фонд ҳажми ва таркиби бўйича ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни киритиб боради.

Суд архив мудири (архивариус) суд раисининг буйруқ ва фармойишларини, суднинг молия-хўжалик фаолиятига оид ҳужжатларини, шахсий ишлар йиғмажилдларини, кўрилиб тамомланган ишларини ва ишга оид бошқа материалларни, суд амалиётини умумлаштиришга оид ҳужжатларни ва статистик ҳисоботларни белгиланган тартибда тўғри расмийлаштирилганлигини текширади ва сақлаш учун қабул қилиб олади.

Архивга қабул қилинган ишлар ва бошқа ҳужжатларни ахборот тизимида рўйхатга олади ва уларни тартиб рақамлари асосида жойлаштиради ҳамда архивда сақланаётган ишлар ва бошқа ҳужжатларнинг ҳисобини юритиб, зарур ҳолларда улар юзасидан маълумотномалар тайёрлайди.

Суд раҳбариятининг рухсатига кўра архивда сақланаётган ишлар ва ҳужжатлар билан тегишли шахсларни таништириб, белгиланган тартибда ҳужжатлардан нусха ёки кўчирмалар беради ҳамда сўровномаларга асосан маълумотномаларни тайёрлайди. Архивдаги ишлар ва бошқа ҳужжатларни сақланишини таъминлаш учун ҳар йили камида бир марта архивда сақланаётган ҳужжатларни сақлаш ва йўқ қилишга ажратиб, доимий сақланиши лозим бўлган ишлар ва бошқа ҳужжатлар тегишли архивга топширилади.

Д.Маматазимов, вилоят суди архив мудири.