Суд тизимидаги кулгили даъволар
Даъволар турли сабабларга кўра юзага келиши мумкин, бироқ баъзида одамлар кишини ажаблантирадиган ва ҳайратга соладиган бемаъни нарсалар учун судга мурожаат қилишлари мумкин. Ушбу мақолада дунёнинг турли бурчакларидаги одамларнинг судга даъво қилишининг энг ноодатий ва ғалати сабабларини кўриб чиқамиз.
“Apple”га қарамлик
2013 йил 19 июнь куни Американинг Нешвилл шаҳрида яшовчи 36 ёшли адвокат Крис Севьиер Appleга қарши 75 минг долларлик даъво аризаси билан чиқди. Унда Севьер компания маҳсулотларидан фойдаланиб, хусусан, катталар учун контентга осон кириши туфайли рафиқаси билан муносабатлари ёмонлашганини айтди.
У об-ҳаво маълумотларини кўрмоқчи эди, лекин тасодифан “нотўғри” жойга тушиб қолди ва энди у телефондаги чиройли қизларсиз яшай олмайди, бу унинг никоҳига нуқта қўйди. Севьернинг сўзларига кўра, Apple катталар контенти учун фильтр яратиши ва истеъмолчилар у каби ҳолатларга дуч келмаслиги учун уни фаоллаштириши керак.
Йўқолган шим
2005 йил 3 май куни 54 ёшли судья Рой Пирсон Вашингтондаги “Кастом Клинерс” кимёвий тозалаш компанияси шохобчаларининг бирига шимларини топширди. Шимлар тасодифан бошқа кимёвий тозалаш шохобчасига юборилганлиги сабабли, улар икки кундан кейин судьяга қайтарилди.
Бироқ Пирсон кийимлар уники эмаслигини айтди. Квитанция ва ёрлиқлар бир-бирига мос, шимлар эса уникига ўхшарди, лекин буларнинг ҳеч бири Пирсонни ишонтирмади ва у компанияни судга бериб, 65 миллион доллар талаб қилди. Пирсон севимли кийимини йўқотиб қўйгани уни руҳий изтиробга солаётганини айтиб, йиғлаган драматик саҳнадан кейин иш оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. “Кастом Клинерс” ишни ютиб чиқди, аммо Пирсон ҳали ҳам шимлар уники эмаслигини таъкидлаб келмоқда.
Ўзини ўзи судга берди
Одамлар кўпинча йирик корпорациялар, таниқли шахслар ёки ҳатто ўзларининг оила аъзоларига нисбатан кулгили даъволар қилишади. Лекин одам ўзини ўзи судга бериши учун нима бўлиши керак.
1995 йилнинг март ойида Виржиния штатининг Чесапик шаҳридаги Индиан Крик ахлоқ тузатиш маркази маҳбуси Роберт Ли Брок айнан шундай қилди. У ўзига қарши 5 миллион доллар талаб қилиб судга даъво киритди.
Брокнинг сўзларига кўра, 1993 йилда у маст ҳолатда фуқаролик ҳуқуқларини бузиб, йирик ўғирлик учун ҳибсга олинган. Кейинги 23 йил давомида қамоқхонада яшаган Брок ўз даъвосини тўлаш учун етарли пул топа олмади, шунинг учун у бу пуллар давлат томонидан тўлаб берилиши кераклиги тўғрисидаги қарорга келди. Иш ёпилди, бироқ судья Брок режаси ижодий жиҳатдан жуда яхши ўйлаб топилганлигини айтди.
Бошқа Жордан
Кўпчилик, агар у машҳур одамга ўхшаса, омадли бўлишига ишонади. Баъзилар ҳатто таниқли одамларни тақлид қилиб, муносиб мартабага эришиб ҳам келади. Фақат 51 ёшли Аллен Хеккердгина ўз олдига бундай мақсадни қўймаган. Одамлар уни доимий равишда афсонавий баскетболчи ва Nike компаниясининг юзи Майкл Жорданга ўхшатишади.
Хеккерд Жордан ва компанияни судга бериб, руҳий изтироб ва руҳий жароҳатлар сабаб ҳар бир айбланувчидан 416 миллион доллардан талаб қилди. Даъвогарнинг сўзларига кўра, Майкл Жордан унинг шахсини ўғирлаган, пойабзал компанияси эса НБА юлдузини реклама кампаниясининг юзига айлантиргани учун жавоб бериши керак.
Нимадир бўлди-ю, тез орада Хеккерд даъвосидан воз кечди...
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.