Судандаги намойишлар чоғида етти киши ҳалок бўлди, бош вазир Абдулла Ҳамдок ҳибсга олинди
Судандаги норозилик намойишларида етти киши ҳалок бўлди, юздан ортиқ киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда Reuters соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили маълумотига таяниб.
Судан ҳарбийлари бир кун олдин мамлакат бош вазири Абдулла Ҳамдокни, шунингдек, ҳукуматнинг яна бир қанча аъзоларини ҳибсга олишди. Уларнинг қаердалиги ҳозирча номаълум.
2019 йил апрель ойида Суданда чуқур иқтисодий инқироз ва турмуш даражаси пасайиши туфайли халқ норозиликлари ортидан ҳарбий тўнтариш бошланди. 30 йил ҳукмронлик қилган президент Умар ал-Башир ҳукуматдан четлаштирилди ва кейинчалик қамоққа олинди.
2021 йил сентябрида Судан мамлакатда ҳарбий тўнтаришга уринишнинг олди олинганини маълум қилди. Қуролли кучлар қўмондонлиги баёнотига кўра, фитна уюштирганларнинг аксарияти, жумладан, 21 зобит ва бир қанча аскар қўлга олинган. Судан Бош вазири Абдулла Ҳамдок ўшанда давлат тўнтаришига уриниш армия ва хавфсизлик идораларида ислоҳотлар зарурлигидан далолат эканлигини айтган эди. Судан ҳукумати исён бошида собиқ президент Умар ал-Башир тарафдорлари турганлигини айтишмоқда.