Судланувчилар қўйилган айбловларга норозилик билдириб, ўзларига тан жароҳат етказишди
Ижтимоий тармоқларда судланувчилар суд залида томирларини кесиб, норозилик билдирган акс этган видеолар тарқалди.
Видеолардаги ушбу шахслар чинозлик Аҳмадбойнинг ёрдамчиси, халқ орасида "Муродбой" номи билан танилган Мирзамурод Юнусалиев ва унинг жиноий шериклари экани айтилган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳодиса 2021 йил 25 май куни Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судида содир бўлган.
Жорий йилнинг 25 май куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва бошқа моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун озодликдан маҳрум этилган ва айни вақтда 1-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳбуслар:
М.Юнусалиев (1984 йилда туғилган, 9 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 2019 йил 27 апрелдан қамоқда),
Ғ.Муроджонов (1987 йилда туғилган,7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 2019 йил 27 апрелдан қамоқда),
А.Қудратов (1980 йилда туғилган, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 2019 йил 7 октябрдан қамоқда),
Э.Шарипов (1987 йилда туғилган, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 2019 йил 7 октябрдан қамоқда),
С.Юлчиев (1989 йилда туғилган, 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 2019 йил 7 октябрдан қамоқда) лар Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судининг 2021 йил 25 май кунидаги сўровномасига асосан бошқа жиноят иши бўйича ЖИБ Янгийўл шаҳар судига юборилган.
Суд жараёни давомида соат 15:30 ларда, М.Юнусалиев, Ғ.Муроджонов ва А.Қудратовлар суд томонидан қўйилган айбловлардан норозиликларини билдириб, қўлларидаги лезвия бўлаклари билан ўзларига ўзлари тан жароҳати етказган, турли ноўрин талабларни қўйиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.
Маҳбусларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар шу куни соат 20:00 ларда 1-сон тергов ҳибсхонасига олиб бориб топширилган, дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.