“Судлар тўғрисида”ги қонун неча марта ўзгарди?

Мамлакатимизда суд ҳокимияти, суд қонунчилиги, судлов аппарати, судларнинг кадрлар (бошқарув, мутахассис ва ёрдамчи) захирасига доир кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинган ва амалиётга жорий этилган.

Айниқса, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев бошчилигида 2016 йилдан буён амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг тезкорлиги, шиддати ва кенг қамровлилиги билан ажралиб туради.

Жумладан, ушбу даврда судлар фаолиятини ривожлантириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш мақсадида суд органларига судья ва ходимларини танлаб олиш, уларни ўқитиш ва лавозимга қўйиш, шунингдек, суд аппарати кадрлари захирасини мустаҳкамлаш, судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бу жараёнда амалиётда мавжуд муаммолар, жамият ва давлатимизнинг ўзига хос шарт-шароитлари, хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда.

Натижада 2016 йилдан 2020 йилга қадар судлар фаолиятига оид 20 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Қайд этиш керакки, дунё давлатларида суд тизимлари ва уларда иш юритиш тартиб-қоидаларида халқаро-ҳуқуқий тан олинган умумий тамойиллар амал қилса-да, давлатларнинг суд органлари тизими, фаолият доираси, судларнинг тузилиши бир-биридан фарқланади. Уларда кўриб чиқиладиган низолар, ҳуқубузарлик ҳолатлари, муносабатлар доираси, предмети, иш ва муносабатлар субъектларининг тоифалари бўйича ўзаро фарқ қилади.

Ўзбекистонда ҳам суд тизими ва уларда иш юритиш тартиблари бир неча бор ўзгартирилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида беш йил муддатга сайланадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжалик суди, шу муддатга тайинланадиган вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, вилоят хўжалик судлари мавжуд бўлган.

Ушбу қонунга 1995-1996 йилларда икки марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Сўнгра 2000 йил 14 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни билан “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Мазкур Қонунга ҳам 2020 йилнинг июль ойига қадар 18 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Мазкур Қонун қабул қилинган вақтда (14.12.2000 й.) унинг 1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси судлари тизими қуйидагича белгиланган:

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари.

Айнан ушбу Қонун орқали умумюрисдикция судлари фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судларга ажратилган ва Қонунда Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига қараб судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкинлиги ҳам ёзиб қўйилган.

2017 йил 21 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши ортидан судлар тизими ва фаолиятида белгиланган ўзгаришлар натижасида 2017 йил 12 апрелда ЎРҚ-428-сон Қонуни қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунига навбатдаги ўзгартиришлар киритилган ва Ўзбекистон Республикаси судлар тизими бугунги (Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди; Ўзбекистон Республикаси Олий суди; ҳарбий судлар; Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари; Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари; Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари; Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари; фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари; жиноят ишлари бўйича туман шаҳар) судлари; туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари; туман (шаҳар) маъмурий судлари) кўринишга келган.

  Эндиликда, 2020 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши билан унда белгиланган вазифалар доирасида Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни яна бир бор янги таҳрирда қабул қилинади.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши билан биргаликда 2020 йил 1 ноябрга қадар қуйидагиларни назарда тутган ҳолда янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритиши ҳам назарда тутилган:

- судларнинг тузилиши, туман (шаҳар), туманлараро, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларнинг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатларининг, Раёсатининг, Пленумининг ваколатлари доираси;

  - судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларга нисбатан қўйиладиган талаблар;

  - судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби;

  - судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш;

  - судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби;

  - судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби;

- судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари.

Қонунга киритиладиган ўзгаришлар, соҳадаги ислоҳотлар мамлакатимиз суд тизимининг янада такомиллаштирилиши, суд органларининг ихчамлашуви ва ижро интизомининг мустаҳкамланишига, жисмоний ва юридик шахсларнинг судларга мурожаат қилиш механизмининг соддалаштирилишига хизмат қилади.

Фаррух МАЖИДОВ,

Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи.