Судья ва ёшлар учрашуви ўтказилди
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, зўровонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳимдир.
Шу боис, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Улар ижросини таъминлаш борасида Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари билан Самарқанд давлат университети талабалари ўртасида “Судья ва ёшлар учрашуви” ўтказилди.
Учрашувда вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Конституция мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Хусусан, унда белгиланган эркинлик, тенглик ва бағрикенглик тамойиллари ҳақида аниқ фактларга асосланган маълумотлар берилди.
Шунингдек, мулоқот давомида суд жараёни, жисмоний ва юридик шахслар берган ариза ва даъво аризаларнинг кўриб чиқилиши, суд ҳужжатларининг ижрога қаратилиши ҳақида иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Судья ва ёшлар учрашувида очиқ суд тамойили асосида вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида суд мажлисларини олиб борилиши ва суд жараёнидаги вазиятлар талабалар иштирокида кўриб чиқилди.
Учрашув давомида талабалар билан Республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ҳам фикр юритилди.
Фурқат Анаров,
вилоят суди судьяси.