«Сумкангизни очинг, илтимос…»

Ҳаёт ўзи жуда оддий ва тушунарли жараён. Фақат биз уни кўриб туриб, англашга ҳафсала топмаймиз. Донишмандлар «Сабоқ ҳамиша оёғинг остидадир», деб бежиз айтишмайди. Буни мен ўз ҳаётимда кўрдим.

Ўғилчам кичкина эди. Уни ҳар куни боғчадан олганда тарбиячи опаси нима ўргатгани-ю, нима овқат еганини сўрашдан нарига ўтмасдим. Яшириб нима қиламиз, ҳатто кўпчилигимиз болакайларни боғчада ўрганган ёзув ёки ўйинини, шеърини такрорлашга чорламаймиз, негаки шўхлик қилмаса, бас.

У билан ҳар куни болалар боғчасидан пиёда қайтамиз. Бир куни денг, йўлакда бир аёл димланган маккажўхори сотиб ўтирган экан. Ўғилчамнинг ҳаваси келди. Олиб бердим. У маза қилиб еди. Еб бўлгач, жўхори сўтасини йўлак томондаги ариқчага ташлаб юборди. Гапиришга улгуролмай қолдим: нима қилсам… Бу ҳаракати учун унга ёмон қараб қўйган бўлсам-да, бола хатосини тузатишга уринмади. Сўнг ота-онам ўргатган ишни қилдим – ўғлимга қўлидаги чиқиндини ташлаш маданиятсизлик эканлигини тушунтирдим. Кейин уни атайлаб бу жойдан узоқроқ олиб кетдим. Анча кетгандан кейин эса яна ўша жойга етакладим. Бола тушунгандек бўлди ва ҳалиги жойга келиб, маккажўхори сўтасини қўлига олди ҳамда уйга келиб, махсус челакка ташлади.

Ўшанда қилган тарбиям менга тажриба, ўғлимга эса бўлган воқеа сабоқ вазифасини ўтади. Ишонинг, у ўшандан буён дуч келган жойга чиқинди ташламайдиган бўлди.

Албатта, ҳаёт давом этади. У бизни ўз хатоларимиз билан улғайтириб, ­тарбиялаб бораверади.

Бу гал неварам билан ҳамроҳмиз. Уни атрофимиздаги шинам жойларда сайр қилдираман. Табиийки, сўраган нарсасини дўконлардан олиб ҳам бераман. Бир гал унга ширинлик олиб бердим. Уни еб бўлгач, қадоғини ғижимлаган бўлиб, йўлак четига ташлади.

- Ундай қилма, болам!

- Ҳеч ким кўрмади-ку, буви, эртага барибир йўлакни супуриб, тозалашади.

- Бу нотўғри, кимдир кўриб турган бўлса неварангиз маданиятсиз экан, дейди!

Шундан сўнг неварам ташлаган идишни ердан кўтардим, лекин тўрт томонга қарайманки, чиқинди ташлайдиган махсус идиш йўқ. Натижада уни сумкамга солишга мажбур бўлдим. Бу ҳолни кўрган неварам хиёл уялгандек ҳам бўлди.

Бошқа бир куни сайрга чиққанимизда у ўртоқлари билан ўйнар, мен эса қўшни аёллар билан суҳбатлашиб турардим. Шу пайт ҳузуримизга неварам югуриб келди.

- Бувижон, сумкангизни очинг!

- Нега, тинчликми?

- Мана буларни соламан.

У шоколад ва музқаймоқ қутиларини қўлида ушлаб турарди.

- Кимдир биз ўйнаётган жойга ташлаб кетибди. Маданиятсиз экан, буви!

Яширмайман, ёнимдаги аёлларнинг ҳаваси келди. Эҳтимол уларга ҳам сабоқ бўлгандир. Мен эса неварамнинг бу хислатидан қувондим. Вақти келганда боламиз ҳам бизга сабоқ бера олишига ишонч ҳосил қилдим.

Гулнора ХОЛДОРОВА.