Сунъий интеллект ёшларга бегонамас, катталарга-чи?

Бугун замон жуда тез ўзгармоқда, тезлиги шу қадарки, бизнинг тасаввуримиздагидан анча илдам. Мисол учун, ўша шиддатга янги куч қўшаётган сунъий интеллект жуда кўп нарсаларни эгаллаб олиши айтилмоқда.

Оддий мисол, айтишларича, Гонгконгда эҳтирос операторлари пайдо бўла бошлабди. Улар одамларни ҳар қандай эҳтиросига мос равишда телефонда уларга тасалли бериш билан шуғулланар экан.

Тарихий реалликдан бугунгача

Аслида “сунъий интеллект” атамасини илк бор 1956 йилда америкалик олим Жон Маккарти қўллаган. Орадан 30 йилга яқин вақт ўтибгина бу кашфиёт сифатида эътироф этила бошлади. 1997 йили шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни мағлуб қилган шахмат дастури – "Deep Blue" яратилгандан кейин бу соҳа билан жиддий шуғулланилганидан хабарингиз бор.

Бугунчи?

Кимдир сунъий интеллект келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммоларга эътиборни қаратишга уринаётган пайтда, бошқалар унинг ижтимоий қулайликларини амалда исботлашга уринмоқда.

Узоққа борманг, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳам сунъий интеллект ёрдамида бир нечта ҳуқуқий мултфилм яратилди.

“Midjourney Artificial Intelligence” платформаси берилган таърифга кўра, персонаж қиёфасини чизиб бераётганидан кўпчилик хабардор. Бу тизимдан миллий адабий асарларимиз қаҳрамонларининг таърифи асосида фойдаланиб кўрилди. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарида келтирилган изоҳга кўра, дастлаб Кумуш сўнг Отабек ва Зайнаб қиёфаси ижтимоий тармоқларда тарқалди.

СhatGPT бемор болакайни қутқарди

Уч йилдан бери 17 нафар врач уч ёшли болакайга тўғри ташхис қўя олмаган. Болакайнинг онаси кўрсатмаган шифокори қолмаган, лекин барибир касалликнинг сабабини аниқлаш имкони бўлмаган.

Охир-оқибат боланинг онаси СhatGPT орқали савол йўллаб кўришга қарор қилган. Сунъий интеллект жуда кам учрайдиган ташхисни қўйган - умуртқа поғонасининг яллиғланиши ва орқа мия ривожланиш пороги. Ташхис тўғри чиққан, болакай жарроҳлик операциясидан кейин тузалиб кетган.

Рост, айрим давлатларда робот-ҳамширалар, ҳайдовчисиз транспорт воситалари, буюртмани етказиб берувчи дронлар хизматидан фойдаланиш оммалашмоқда. Уларнинг ташқи кўринишини имкон қадар одамларникига ўхшатишга уриниляпти.

Бундай вазиятда ишсизликнинг кескин ортиб кетиши табиий. Эҳтимол, хавотирга тушиш ноўриндир: инсон ҳаётига хавф туғдирувчи ҳамда креативликка асосланмаган иш ўринларининг камайгани у қадар катта муаммо эмасдир. Балки бир маромдаги бундай ишларни роботлар бажаргани, инсон эса фақат табиий тафаккурга таянувчи вазифалар билан шуғулланиб, ҳаётини мазмунлироқ яшагани яхши эмасмикан?!

Ўзимизнинг «ДаврОн»

Бошқа давлатларда реал ишларда сунъий идрокдан фойдаланилаётганига мисоллар келтирдик. Биздачи, деган табиий савол туғилади.

Мисол учун, солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга «ДаврОн»  виртуал ёрдамчисининг маслаҳатларидан фойдаланишни таклиф қилган.

Тўғри, ҳали бу сунъий интеллектдан жуда кўп нарса кутиш керак эмас. Чунки тўғри қисқа жавоблар берса ҳам, у солиқ идорасига расмий сўровлар ва тўлақонли солиқ консалтингининг ўрнини боса олмайди.

Лекин виртуал ёрдамчи солиқ тўловчиларга 24/7 режимида маълумот беради. Вазифаси - солиқ тўловчиларга солиқлар ва солиққа тортиш масалалари бўйича саволларга жавоблар ва шахсий тавсиялар бериш. Солиқчилар зўр иш қилишган.

Хабарларга кўра, «ёрдамчи»ни ўқитиш 3 ой давом этган. Ва бу тўхтовсиз давом этмоқда. Демак, унинг жавоблари вақт ўтиши билан сифатлироқ бўлади...

Бундан ташқари, ёшлар иттифоқи томонидан график дизайнер, видеомонтаж, анимация, маркетинг устаси сингари 40 та касбга ўқитиш учун платформа ишлаб чиқилган. Ustozai.uz вебсайти орқали фойдаланиш мумкин экан.

Эътиборли жиҳати, унда нафақат ёш йигит-қизлар, балки ҳар қандай фуқаро замонавий касбларни ўрганиши мумкин. Курс якунида дастурнинг ўзи имтиҳон олади ва эгалланган касб бўйича сертификат беради. Бу жараёнларнинг барчаси бепул.

Қаранг…

Хабарларга кўра, 1988 йилда математика ва бошланғич синф ўқитувчилари калькуляторга қарши норозилик билдириб намойишга чиққан экан.

2024 йилда ўқитувчилар энди СhatGPTга қарши намойиш ўтказса керак.

Йўқ, бу киноя эмас. Аммо юқорида айтилган ва бошқа сунъий интеллектдан кўпроқ кимлар фойдаланади, деб ўйлайсиз. Албатта, расмий статистика йўқ, лекин бизнингча, улар асосан ёшларга дастёрлик қилмоқда.

9 ёшли ватандошимиз сунъий интеллект бот яратди. Майли, буни шунчаки маълумот ўрнида қабул қилинг...

Ҳамкасбларимдан бир нечтаси бошқа (асосан рус) тилидан таржима билан шуғулланишади. Оддий хабар ёки лавҳа учун бир неча соат кетадиган бу жараённи сунъий идрок ёрдамида амалга оширса бўлмайдими, дейишга шошилманг. Аслида айтмоқчи бўлганимиз ҳам шу.

Ўйлаб кўринг, балки буларнинг барчасини ҳам сунъий интеллект ёзгандир!..

Ёқубжон Марқаев.