Сув бор жойда ҳаёт бор: Самарқандда ичимлик суви таъминоти бўйича қандай янгиликлар бор?

Бир томонда — аҳолини сифатли ва барқарор ичимлик суви билан таъминлаш, иккинчи томонда — сув ва электр энергиясини тежаш. Бу икки вазифа бугун бир-биридан ажралмас тушунчага айланди. Самарқанд вилоятида сув таъминоти тизимини модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва сув йўқотишларини камайтириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Рақамлар бу жараён кўламини яққол кўрсатади.

Сув таъминоти қамрови кенгаймоқда
2026 йилнинг дастлабки 8 ойи якунларига кўра, Самарқанд вилоятидаги 1 079 та маҳалланинг 80,5 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Шундан 541 та маҳалла тўлиқ, 456 таси қисман сув билан таъминланган, 82 та маҳаллада эса аҳоли муқобил манбалардан фойдаланмоқда.
Вилоятда 2 047 та ичимлик суви иншооти ва 8 039,5 километр сув тармоғи мавжуд. Уларнинг эскирган қисмларини янгилаш мақсадида жорий йилда барча дастурлар доирасида 539,3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 174 та ичимлик ва оқова сув иншооти ҳамда 1 435 километр тармоқ қурилмоқда.

Ҳозиргача 358 миллиард сўм ўзлаштирилиб, 144 та иншоот ва 1 284,6 километр тармоқ барпо этилди. Йил якунига қадар яна 274,4 миллиард сўм ҳисобидан 67 та иншоот ва 404 километр тармоқни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Натижада 185 та маҳалладаги 86,1 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади, 72,7 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. Қамров даражаси 80,5 фоиздан 82,5 фоизга етказилади.

Оқова сув йўналишида эса 21,5 минг нафар аҳолини илк бор хизмат билан қамраб олиш, 8,5 минг нафар аҳолининг таъминотини яхшилаш ва қамровни 23,7 фоиздан 24,7 фоизга ошириш кўзда тутилган.
Ургут ва Оқдарёда ишлар жадал
Ургут туманида сув таъминоти оғир ҳудудлар бўйича ўтказилган хатлов натижасида 4,5 миллиард сўм ҳисобидан 10 та маҳаллада 62,1 километр сув тармоғи қурилди. Шунингдек, 11 та сув иншооти реконструкция қилинди ёки янгидан барпо этилди.

Айни пайтда яна 5 та маҳаллада 16,5 километр тармоқ қуриш ва 5 та сув иншоотини реконструкция қилиш ёки янгидан барпо этиш ишлари давом этмоқда.
Оқдарё туманининг Бошдархон маҳалласида эса Бошдархон ва Жўрабой қишлоқларини қамраб олувчи 13,5 километр тармоқ ҳамда 2 та сув иншооти бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Сувни етказишда энергия ҳам тежалмоқда
Сувни насослар орқали узатиш катта миқдорда электр энергияси талаб қилади. Шу боис эски ускуналар энергия тежамкор технологияларга алмаштирилмоқда.
Ҳозиргача 151 та сув иншоотига энергия тежамкор насослар ўрнатилди. Йил якунига қадар яна 72 та насос ўрнатиш режалаштирилган.

216 та иншоотда масофадан бошқариш тизими жорий этилди, йил охиригача яна 412 та якка сув олиш иншоотини ушбу тизимга ўтказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 12 та иншоотга 120 кВАр қувватга эга реактив энергияни компенсация қилувчи қурилмалар ўрнатилди.
Насосларнинг иш режимини самарали бошқариш учун 44 та иншоотга 11 775 кВт умумий қувватга эга частота ростлагичлари ўрнатилди. Йил охиригача яна 25 та иншоот ушбу ускуналар билан жиҳозланади.
Бундан ташқари, 205 та электр ҳисоблагич замонавий АСКУЭ талабларига мос қурилмаларга алмаштирилди.
Қуёш энергияси — сув таъминотида ҳам
Жомбой туманидаги “Қудуқли” сув иншоотига 200 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди. Улар ойига ўртача 27,7 минг кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариб, тахминан 22 миллион сўм тежамоқда. Натижада иншоотнинг электр энергиясига эҳтиёжининг қарийб 90 фоизи қуёш энергияси ҳисобига қопланмоқда.

Йил якунига қадар Булунғур туманидаги сув иншоотларига 500 кВт, “ЗОС” оқова сувларни тозалаш, “Мульён” сув ҳамда “Фарҳод” оқова сувларни тозалаш иншоотларига эса жами 1,9 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилиши режалаштирилган.
Маҳаллий бюджет ҳисобидан шаҳар ва туман филиалларидаги сув иншоотларига 20 кВтдан 16 та, жами 320 кВт қувватли қуёш станциялари ўрнатилади.
Электр сарфи қарийб 4 миллион кВт·соатга камайди
Энергия тежамкор чораларнинг самараси рақамларда ҳам кўринади.

2025 йилнинг 7 ойида “Самарқанд сув таъминоти” АЖ 53,5 миллион кВт·соат электр энергияси истеъмол қилган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 49,512 миллион кВт·соатни ташкил этди.
Демак, жорий йилнинг 7 ойида 3,988 миллион кВт·соат электр энергияси иқтисод қилинди.
Сув йўқотишлари ҳам назоратда
Энергияни тежаш билан бирга, сувнинг ўзини тежаш ҳам муҳим. Сув иншоотларидаги ортиқча йўқотишларнинг олдини олиш учун ЕКМ манометрлар ва вақт механизмлари каби автоматлаштирилган бошқарув воситалари ўрнатилмоқда.
Бу тизимлар сув босимини аниқ назорат қилиш, сув узатишни автоматлаштириш ва ортиқча сарфни камайтириш имконини беради.

Ичимлик суви сифати — доимий назоратда
“Самарқанд сув таъминоти” АЖ марказий таҳлил лабораториясида 19 нафар ходим фаолият юритади. Уларнинг 7 нафари ичимлик суви сифатини, 11 нафари эса оқова сувлар ва ишлаб чиқариш корхоналари оқоваларини назорат қилади.
2026 йилда 37 600 та ичимлик суви намунасини олиш режалаштирилган. Йилнинг дастлабки 8 ойида 17 154 та намуна олинди. Шундан 5 317 таси марказий лаборатория, 11 837 таси санитария-эпидемиология хизмати томонидан олинган.
Лабораторияда ичимлик сувининг 17 та кимёвий параметри ва 2 турдаги бактериологик кўрсаткичлари таҳлил қилинади. Ҳар бир сув иншоотида махсус сертификатга эга хлорчи ходимлар сувдаги қолдиқ хлор миқдорини ҳар соатда назорат қилади.

“Баҳор–ёз” мавсумига тайёргарлик
Мавсумга тайёргарлик доирасида жамият филиалларидаги 98 та резервуар ва 1 264 та сув минораси тозаланиб, ювиш ва дезинфекция ишлари бажарилди.
Январь–август ойларида 1 651,5 километр сув тармоғида режалаштирилган жорий таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди. Яна 53,6 километр тармоқда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Асосий мақсад — барқарор тизим ва сифатли хизмат
“Самарқанд сув таъминоти” АЖнинг асосий мақсади — аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, тизим барқарорлигини ошириш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш.
Бунинг учун эскирган инфратузилма янгиланмоқда, энергия тежамкор насослар ва автоматлаштирилган тизимлар жорий этилмоқда, қуёш энергиясидан фойдаланиш кенгайтирилмоқда, сув сифати замонавий лаборатория назорати орқали текширилмоқда.
Зеро, бугун сув таъминотида қилинган ҳар бир янгиланиш — нафақат электр ва сувни тежаш, балки аҳолига янада сифатли ва барқарор хизмат кўрсатишга қаратилган қадамдир.

Т. Бобоев,
“Самарқанд сув таъминоти” АЖ директори