Сув ва оқова тизимларини янгилашда халқаро ташкилотлар фаол иштирок этмоқда

Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув хизматлари барқарорлигини ошириш” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. 

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан Жаҳон банки ва Швейцария ҳукумати кўмагида ташкил этилган тадбирда юртимиздаги мазкур соҳа масъуллари, халқаро молия институтлари вакиллари ва экспертлар, ҳукумат вакиллари, инвесторлар иштирок этмоқда.

Конференция аввалида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов, Швейцариянинг мамлакатимиздаги элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари, ҳамкорлик бўлими бошлиғи Андрин Финк, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Tатиана Проскурякова сўзга чиқиб, сув инфратузилмасини ривожлантириш аҳоли фаровонлигини ошириш билан бирга мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини ҳам таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар. Айниқса, бугун дунёда иқлим ўзгаришлари, тоза ичимлик суви глобал муаммога айланиб бораётган пайтда соҳада замонавий технологияларни қўллаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш долзарб аҳамият касб этаётгани қайд қилинди. Бу борада Ўзбекистонда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.

Маълумотларга кўра, 2017–2024 йилларда юртимизда ичимлик ва оқова сув соҳасини ривожлантиришга 27,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Шундан 1 миллиард АҚШ доллари халқаро молия институтлари ҳиссасига тўғри келади. Бу орқали 7,7 миллиондан ортиқ аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви тармоғига уланиб, ҳаёт сифати сезиларли даражада яхшиланди.

– “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ўнга яқин халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий қиймати 2,436 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 25 та лойиҳа амалга оширилмоқда, – дейди “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов. – Бу маблағларнинг 627 миллион АҚШ доллари аллақачон ўзлаштирилган бўлса, қолган қисми 2025–2027 йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилади. Жумладан, Жаҳон банки билан умумий қиймати 310 миллион АҚШ долларига тенг 4 та лойиҳа амалга оширилган ва ҳозирда 3 та янги лойиҳа доирасида 47 миллион АҚШ долларилик инвестиция ўзлаштирилмоқда. Ушбу лойиҳалар нафақат инфратузилмани ривожлантириш, балки хизматлар сифатини ошириш, истеъмолчи билан муносабатларни такомиллаштириш ва маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш каби долзарб йўналишларни қамраб олган.

Бундан ташқари, Осиё тараққиёт банки кўмагида 611,7 миллион долларлик 5 та, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан 420 миллион долларлик 7 та, Осиё инфратузилма инвестиция банки ҳамкорлигида 633,5 миллион долларлик 2 та, Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК билан 126,5 миллион долларлик 3 та ҳамда Франция тараққиёт агентлиги ва ушбу давлатнинг SUEZ компанияси ёрдамида 3 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Жорий йилда умумий қиймати 2,179 миллиард долларлик 21 та лойиҳа доирасида 453,5 миллион доллар миқдоридаги халқаро молиявий маблағларни ўзлаштириш белгиланган. Бу лойиҳалар доирасида  9484,4 километр ичимлик сув тармоқлари,  3268,9 километр оқова сув тармоқлари тортилади. 18 та сув олиш иншооти, 32 та оқова сув тозалаш иншооти қурилиши ва 483 минг дона замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган. Хусусан, Тошкент шаҳри ва вилояти, Қашқадарё, Наманган, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

– Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 80 фоиздан ошди ва бу жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрларига мос келади, – дейди Жаҳон банки вакили Одете Дуарте Мухимпуа хоним. – Бу Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу соҳага жуда катта эътибор қаратаётганидан далолат беради. Шунинг учун Жаҳон банки ҳам Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида банкимиз кўмагида учта лойиҳа амалга ошириляпти. Жумладан, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри аҳолисининг ичимлик ва оқава сув таъминотини яхшилаш лойиҳаси бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ва бундан кейин ҳам биз бу борада ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз.

Конференцияда Ўзбекистонда сув инфратузилмасининг жорий ҳолати ва ислоҳотлар жараёни, халқаро молия институтлари билан амалдаги ва истиқболли ҳамкорлик лойиҳалари, “Ўзсувтаъминот” АЖнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш стратегияси, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш, давлат-хусусий шериклик имкониятлари ва янги ташаббуслар муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Шунингдек, анжуман қатнашчилари Самарқанд вилоятидаги сув таъминоти корхоналари ва сув иншоотлари фаолияти билан ҳам танишади.