Табаррук даргоҳга эътиқоди баланд муҳаррир эди
“Зарафшон” газетаси нафақат ижодкорлар мактаби, балки элга танилган ташкилотчи раҳбарларни ҳам тарбиялаган табаррук даргоҳ ҳамдир. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, Ургут тумани ҳокими лавозимларида ишлаган Холмуҳаммад Нуруллаев шундай инсонлардан бири эди. Ҳаёт бўлганида бугун 69 ёшга тўларди.
У Ургут фарзанди. Самарқанд давлат педагогика институтида таҳсил олди. Интернат-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. Журналистикага иштиёқ уни “Жиззах ҳақиқати” газетаси таҳририятига етаклади. Тошкентда “Ёш ленинчи” газетаси таҳририятида мухбир бўлди. 1983 йилдан “Ленин йўли” ижодий муҳитида тобланди. Ўткир фелъетон ва публицистик мақолалари билан элга танилди. “Халқ сўзи” сувидан ҳам ичди.
Олти йил вилоят ҳокимлигида масъул вазифаларда ишлагач, 1997 йили “Зарафшон”га бош муҳаррир бўлиб келди. Янгиликка интилувчан, ижод ҳисси билан нафас оладиган Холмуҳаммад Нуруллаев таҳририятда ижодий эркинлик муҳитини яратди.
У доимо “Зарафшон”ни улуғ билди, юқори лавозимда ишлаган кезлари ҳам қутлуғ даргоҳ эшигини унутмади. Табаррук даргоҳга эътиқоди баландлигидан ўзи биладиган, бирга ишлаган ижодкор дўстлари даврасини соғиниб-соғиниб яшарди.
У “Нури сўнмас даргоҳ бу” (“Зарафшон” газетаси, 2002 йил 18 май) сарлавҳали мақоласида бу ҳақда тўлқинланиб ёзганди.
“... “Зарафшон”да кечган йилларим қадри вақт ўтган сари мен учун ошиб боряпти. Зеро, оппоқ қоғозу боши чайналган қалам билан бу ҳаётдан кўп нарса топдим. Тоза дўстлар, чала меҳр оғайнилар, Самарқанд пасту баландларини англаш... майли булар ҳам керак. Лекин энг муҳими, бу табаррук даргоҳ менга дунёга уйғоқ ва ҳушёр, гул деб тиканнинг устига оёқ босмаслик назари билан қарашдан сабоқ берди. Ҳаётимда “Сабоқ - хулоса - ҳосила” занжирини яратди. Ҳар инсон топган ва йўқотганларини ўзи билади ва ўзига етади. Мен бугун “Зарафшон” даргоҳидан бир қадам берида кечган 11 йиллик умр - иш - ҳаёт йўлимдан нолимайман, асло, беадад шукр. Зеро, бу катта йўл остонаси ҳам “Зарафшон”да қўйилганидан миннатдорман. 15 ой бу табаррук газета бош муҳаррирлиги насиб этгани нур устига ўзимга яраша тахаллусим монанд Нур бўлди, деб ўйлайман”.
Афсуски, бевақт ўлим 2006 йилда “Зарафшон”нинг ҳақиқий дўсти ва содиқ аъзосини жуда эрта орамиздан олиб кетди.