“Тадбиркорлар фаолиятига аралашганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилади” — ЎзЛиДеП
Бу ҳақда Оқдарё педагогика коллежида ЎзЛиДеПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг билан учрашувида айтиб ўтилди.
Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлигига номзод Дилафрўз Махмудова ЎзЛиДеП бу йилги сайловларга “Ваъда эмас натижа, эртага эмас бугун” эзгу шиори остида “5 мақсад-500 вазифани” ўз ичига қамраб олган сайловолди дастури билан қизғин тайёргарлик кўраётганлигини таъкидлади.
Таъкидланишича, партия сайловолди дастурида тадбиркорлар фаолиятига аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, қонуний фаолият юритаётган ва солиқларни ўз вақтида тўлаётган тадбиркорларни текширмасликни таъминлаш, сув хўжалиги, экология, энергетика соҳаларига давлат-хусусий шерикликни, йўл қурилиши, газ ва электр етказиб бериш соҳаларига эса хусусий бизнесни кенг жалб этиш бўйича партия ўз олдига қўяётган вазифалар мавжуд.
Ёшларни ҳунар ва замонавий касбларга, хорижий тилларга ўқитиш, маънавиятини, маърифатини юксалтириш, китобхонлигини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда “IT” соҳаси ва спортга кенг жалб этиш борасида пухта ишланган режаларини амалга ошириш, ёшлар бандлиги ва ишбилармонлигини фаол қўллаб-қувватлаш, хусусан, ишсиз ёшларни замонавий касбларга ўқитиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш сингари долзарб масалалар ҳам сайловолди дастуридан кенг ўрин олган.
Ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш амалиётининг айнан корхоналар буюртмаси асосида жорий этилиши ҳам сайловолди дастурда ўз ифодасини топган. Шунингдек, мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида камида 100 гектар майдонда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази” ни ташкил этиш ҳам партия зиммасидаги муҳим вазифа бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари ёш авлодни тадбиркорликка жалб қилиш учун жойлардаги микромолиялаш хизматларини кенгайтириш ва тегишли асбоб-ускуналардан кенг фойдаланиш учун зарур имкониятларни яратишга ҳам партия ўз диққат эътиборини қаратади.
Ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларга бир йиллик ижара харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш вазифаси ҳам сайловолди дастурида белгилаб берилган.
Депутатликка номзод Дилафрўз Махмудова шулар ҳақида сўз юритар экан, оқдарёлик ёшлар, хотин-қизлар ҳам бу имкониятлардан келгусида унумли фойдаланишлари мумкинлигини, ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида акс эттирилган устувор вазифалар ижроси мустақил ҳаёт остонасида турган ёшлар ва барча соҳа вакиллари учун ҳам ҳақиқий дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.