Тадбиркорлардан ягона рўйхатга киритилмаган ҳисоботни талаб қилганлик учун жавобгарлик белгиланди
Мамлакатимизда ҳисоботларни ва статистика маълумотларини давлат органларига тақдим этиш жараёнларини соддалаштириш орқали биснесга нисбатан маъмурий юкни камайтириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга тадбиркорлик субъектларидан қонунчиликда назарда тутилмаган статистика, молия, солиқ ҳисоботини талаб қилиб олиш каби ҳуқуқбузарликларни қайта кўриб чиқишга эҳтиёж сезилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисоботларни давлат органларига тақдим этиш жараёнлари соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241/10-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистика маълумотларининг ягона рўйхатига киритилмаган ҳисоботларни тадбиркорлардан талаб қилиб олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача жаримага тортиш белгиланди.