Тадбиркорлик истиқболи юрт тараққиёти, жамият фаровонлигини белгилайди

Тадбиркор ғоясини амалга ошириш орқали даромад олади, иш ўрни яратади, аҳолининг истеъмол маҳсулотларига бўлган талабини қондиради ва давлат ғазнасига ҳам ҳисса қўшади. Шу боис мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлик фаолиятидаги муаммоларга ечим топиш мақсадида уларга кўмаклашувчи тузилмалар ташкил этилаётганининг ҳам боиси шу аслида.

Биз тадбиркорлик ривожига кўмаклашаётган янги тузилма - вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлар маслаҳат жамоатчилик кенгаши раиси Ҳайдар ЎРОҚОВга кенгаш фаолиятига оид бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

- Дастлаб юртимизда тадбиркорлар кунининг белгиланиши ва мамлакат тарихида илк бор Давлат раҳбарининг шахсан тадбиркорлар билан учрашувига тўхталсангиз.

- Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши ҳисобланади, - дея гап бошлади Ҳ.Ўроқов. - Кейинги беш йилда соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди, 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача икки бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди.

Бундай қулайлик ва имкониятлар натижасида янги тадбиркорлик субъектлари кўпайиб, олдиндан ишлаётганлари фаолиятини кенгайтирмоқда. Кейинги беш йилда тадбиркорлар сони қарийб уч баравар ошди. Кўп ишбилармонлар ўз бизнесини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб иш ўринлари яратиб, нуфузли корхоналарга айланди. Ички ва ташқи бозорда ўз брендига эга тадбиркорлар синфи шаклланди.

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш мақсадида илк бор ташкил этилган очиқ мулоқотда республикамиздаги тадбиркорларимиз томонидан 15 мингдан ортиқ, вилоятимиз тадбиркорларидан 1200 дан ортиқ мурожаат тушди. Демакки, Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти туфайли соҳа фаолиятидаги шунча муаммога ечим топилди.

Президентимиз мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказилган тадбиркорлар учрашувида соҳани янада ривожлантириш учун тўсиқ бўлаётган бизнесни молиялаштириш, солиқ тизимини такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш, ер ажратиш, инфратузилма, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, транспорт-логистика соҳасидаги тартиб-таомилларни соддалаштириш масалаларига эътибор қаратди. Зарур ҳужжатлар қабул қилинди.

Тадбиркорлик юртимизда энг устувор соҳа ва бу йўналишдаги муаммоларнинг ечимини кечиктириб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқаришни кенгайтиришга катта эътибор қаратади. Шу боис жорий йил 22 августда Президентимиз тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқот ўтказиб, юртимиз ишбилармонларининг муаммо ва таклифларини шахсан ўрганиб, хулосалар асосида соҳани янада ривожлантириш истиқболлари белгиланади.

- Юртимизда тадбиркорларга кўмаклашувчи Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман каби тузилмалар мавжуд бўлса-да, Тадбиркорлар маслаҳат жамоатчилик кенгаши тузилишига нима сабаб бўлди?

- Вилоят ҳокими ҳузуридаги Тадбиркорлар жамоатчилик маслаҳат кенгаши фаолияти асосан вилоятда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган. Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тизимли муаммоларни ечиш имкониятларини кўриш ҳамда стратегик инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқишга қаратиши белгиланган ва шу йўналишда фаолият юритиб келмоқда.

Кенгаш Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман фаолиятларига қўшимча тарзда, тор доирадаги тадбиркорлар фикрларини тўплаб, улардан самаралиларини амалга ошириб боради. Кенгаш аъзолари ўз таклифларини бевосита вилоят ҳокимига айтади. Бу жуда муҳим. Чунки таклифлар орасида асосан тизимли муаммолар, тадбиркорликнинг ривожига тўсиқ бўлаётган масалалар ҳақида фикр юритилади.

- Кенгаш тадбиркорларга қандай ёрдам кўрсатди?

- Тадбиркорлар ҳимояси учун яратилган механизмлар етарли, лекин уларни амалга оширишдаги муаммолар муҳокама қилиб борилмоқда. Биргина кредит ажратилишидаги расмиятчиликлар тадбиркорнинг кўп вақтини олади, фаолиятни ривожлантириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни ортга сурадиган жараён ҳисобланади. Кенгаш томонидан пандемия пайтида кредитлар муддатларини қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларини текширишларда, экспорт қилишда қўшилган қиймат солиғини қайтаришда, электр, газ таъминотидаги узилишларда, божхона жараёнларини амалга оширишда доимий асосда ёрдам ва маслаҳатлар бериб келинмоқда. Бу ҳам субъектлар фаолиятини тезроқ ривожлантиришда қўл келади.

- Тадбиркорларимизни кўпроқ қандай масалалар қийнаяпти?

- Кенгаш аъзолари тадбиркорликка яратилаётган имкониятларни тўлароқ фойдаланишга қаратилган муаммоларни ўрганишади. Муҳокама қилинадиган масалаларда кўпроқ экспорт салоҳиятини ошириш, янги маҳсулотларни экспортга чиқариш, экспорт географиясини кенгайтириш, инвестицион лойиҳалар самарасини ошириш, яратилган ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишга қаратилади. Янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари, қишлоқ хўжалиги тадбиркорлик субъектлари фаолиятидан даромадни ошириш, томорқачилар даромадини ошириш, йирик кўп тармоқли корхоналарда бошқаришни такомиллаштириш ва информацион технологиялар имкониятларидан фойдаланиш ҳам эътибордан четда қолмайди. Тадбиркорлик субъектлари учун кадрлар тайёрлаш, иш жойида тренинглар ташкил этиш, ҳамкор топиш ишларига ҳам кўмаклашилади.

- Вилоятимизда тадбиркорлар сонининг ўсиши ҳақида нима дея оласиз?

- Бундан 31 йил олдин Жомбой туманида тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганимда рўйхатдан ўтишнинг ўзи катта муаммо эди. Ўшанда олган гувоҳномамнинг рақами ҳам 00001 эди. Устав шакллантириш учун бир неча бор Тошкентга бориб келиш лозим, шунда ҳам юридик ташкилотлар учун фалон пулга устав нусхасини сотиб олинарди, кооперативлар учун устав йўқ эди. Кейинчалик “Навобод наслли парранда” кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этиб, паррандачилик фаолиятини бошладик. Хўжаликда инкубацион тухум, бир кунлик жўжа, парранда озуқаси ишлаб чиқаряпмиз. Ҳамкорликлар яхшилангани боис қўшни давлатларга маҳсулотимизни экспорт қилишни йўлга қўйдик. 120 гектар ер майдони олиб, узумчилик кластерини ташкил этдик. Ҳозир соҳа ривожи учун барча имкониятлар яратиляпти. Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунинг эвазига аксарият тадбиркорлик субъектларида ўсиш бор, янги инвестицион лойиҳалар ишга туширилиб, улар бу ўсишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Йирик лойиҳалардан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси резиденти Самарқанд шаҳридаги “Azia Metall Prof” корхонасининг қуввати йилига 120 минг тонна рухланган ва полимерланган тунука ҳамда ўрамали металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводлари, Жомбой туманидаги халқаро кўргазмалар мажмуаси, Қўшработ тумани Чиммоз маҳалласидаги “ZARAFSHON TEXTILE” МЧЖнинг 500 иш ўрнига эга 11-трикотаж фабрикасининг ишга туширилиши мисол бўла олади.

- Белгиланган ишлар ва келгуси режалар қандай?

- 2021 йил июнь ойидан бўён кенгашнинг 7 маротаба учрашуви ўтди. Кенгаш ўзини тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва инвестицион жозибадорликни оширишга қаратилган яна бир самарали майдонча сифатида кўрсатди. Кенгаш аъзоларининг билдирган таклифлари ижтимоий-иқтисодий ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.

Кенгаш ташаббуси билан “Ишбилармонларнинг “YANGI SAMARQAND” ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашувчи жамоат фонди” таъсис этилди. Бунда ташаббускорлар томонидан маблағлар туширилмоқда, фонд томонидан 3 та грант лойиҳа молиялаштирилди.

Режаларга келадиган бўлсак, кенгашда янада долзарб муаммоларни муҳокама қилиб бориш, тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган тадбирларда фаол бўлиш, фонд томонидан самарали лойиҳаларни молиялаштириб бориш мақсад қилинган.

- Кенгашга йирик корхоналар аъзо бўлган. Бу нимани англатади?

- Йирик тадбиркорнинг аъзолиги муҳокамадаги масалаларга тажрибали кўз билан қарашга, кенгроқ фикрлашга имконият яратиб келмоқда. Кенгаш йиғилишлари ўзига яраша тажриба алмашиш майдончасига айланган. Ҳар бир йиғилиш бирор бир тадбиркорлик субъектида бўлиб, уларнинг ишлаб чиқариш ва бошқариш тажрибаларини, тадбиркорлик маданиятини ўрганишади.

Масалан, “NURLI KELAJAK ISHONCH SERVIS” қурилиш корхонаси мезбонлик қилган кенгаш йиғилишида тураржой массивлари қурилишидаги замонвий ёндашув – сув, сувоқова, электр ва алоқа тармоқларини махсус қурилган тунеллар орқали ўтказиш ташаббуси киритилди. Бу билан коммуникацияларни зарур бўлганда таъмирлаш, носозликларнинг олдини олишда кўча ва пиёдалар йўлакларини қазишнинг олди олинганлиги ҳамда массивда тадбиркор томонидан бошқарув компаниясини тузиб, аҳолига кафолатли хизматлар ташкил этилганлиги кўпчилик учун ҳам янгилик, ҳам ибратли тажриба бўлди. “Sam Antep Gilam – SAG” гилам ишлаб чиқариш корхонаси кўп тармоқли фаолиятни самарали бошқариш, унда ахборот технологиялар имкониятларидан фойдаланиш тажрибаси билан ўртоқлашди. “AGROMIR GROUP” мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан самарали ҳамкорлик, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, маҳсулот сифати назорати ва ассортиментини кенгайтириш сиёсати билан кенгаш аъзоларини таништирди.

- Президентимизнинг ўтган йилги тадбиркорлар билан учрашувидан сўнг қандай ўзгаришлар бўлди, қайси йўналиш ва соҳалардаги оғриқли муаммоларга ечим топилди?

- Тадбиркорликни ривожлантиришда ер ажратиш муҳим муаммолардан бири. Тадбиркорлар учун “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг вилоятимизнинг барча туманларида филиалларининг очилиши, кичик саноат зоналарининг сонини 64 тага кўпайтириб, 90 тага етказилиши тадбиркорликни ривожлантириш узоқ туманларни саноатлаштиришда катта туртки бўлади.

Шу билан бирга, фойдаланилмай турган кўчмас мулк объектларини ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун ер майдонларини аукцион орқали шаффоф электрон савдо тизимининг жорий этилиши, давлат харидлари тизимида ҳам очиқ электрон савдо платформасининг ишга тушиши каби тизимли ижобий ўзгаришлар бўлди.

Ўктам Худойбердиев суҳбатлашди.