"Тафаккур бирла билди одамизод"
Алишер Навоий ҳазратларида шундай сатр бор: "Ҳар неники билди одамизод, Тафаккур бирла билди одамизод". Бу бежиз эмас.
Биз борлиқни ҳам, дунёни ҳам шууримиз, заковатимиз орқали англаймиз, ўз ҳаётимизда ана шу тушунчалар орқали яшаймиз. Бинобарин, айнан ана шу ақида боис, азал-азалдан бундай тафаккур ва иқтидорга эга бўлганлар жамиятда етакчи саналган, одамлар уларнинг хулосаларига эргашган.
Оламга нисбатан дунёқараш, умуман, инсон маънавияти ҳамма даврда ҳам алломалар ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Ҳатто Ислом дини арконлари ўртасида ҳам эътиқод ва жамиятга муносабат юзасидан турлича қарашлар бўлган.
Бундай қарашларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва шу орқали алломалар нуқтаи назарининг моҳиятини аниқлаш фалсафанинг бугунги долзарб масалаларидан биридир. Замонавий фалсафада эса ана шу тадқиқотлар йўлида СИНЕРГЕТИКА деган услуб пайдо бўлди. Унинг асосий вазифаси оддий қарашлардаги мураккаб хулосаларни англаш ёки аксинча, мураккаб хулосаларни соддароқ ҳолда англашга интилишдир. Бошқача айтганда, ҳар бир хулосанинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш, ўша давр муҳити билан ўрганишдир.
Фалсафа фани бўйича PhD доктори Баҳодир Раҳмонов ўзининг "Фалсафий мерос синергетикаси" рисоласида айнан ана шу услуб аҳамияти ва унинг талаблари хусусида сўз юритади. Хусусан, синергетикада яхлит тушуниш имконияти, анъанавий англашнинг янги талқинлар билан интеграллашуви, турли фалсафий ғоялар интеграллашуви, ғоялар динамикаси ҳамда фалсафий қарашларга ижодий ёндашув услублари талабларини тадқиқ этган.
Муаллиф Ўрта Осиё мутафаккирлари мероси мисолида синергетик ўрганиш аҳамияти ҳақида мулоҳаза юритади, Юсуф Хос Ҳожиб, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Синонинг тафаккур тарзини очиб беришга интилган. Шунингдек, Б.Раҳмонов фалсафа синергетикасининг алломалар меросини ўзлаштиришдаги ҳамда Янги Ўзбекистон юксак маънавий муҳитини шакллантиришдаги аҳамиятини ишончли таклифлар билан исботлаган.
Баҳодир Раҳмонов журналистикада ҳам, илмда ҳам, бадиий ижодда ҳам баравар фаолият кўрсатаётган, ўзбек ва тожик тилида тенг даражада ижод қилаётган зиёлилардан бири. Унинг навбатдаги илмий тадқиқоти маҳсули - "Фалсафий мерос синергетикаси" китоби ҳам кўпчиликка маъқул келади, деган умиддамиз.
Фармон ТОШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.