Таҳририятга қўнғироқ: “Нега кўчага ўриндиқ қўйиб иккита қурут сотсанг, топиб жарима қилишади-ю, шунча вақт қўлбола ароқ сотган дўкондан бехабар қолишади?”

Самарқанд шаҳрида қўлбола ароқ ичиб вафот этган кишилар ҳақида эшитиб қатор саволлар тинчлик бермай келмоқда. Ўзим шу воқеа бўлган ҳудуд — Кимёгарлар қўрғонида яшайман. Қўлбола ароқ ҳудуддаги Нурафшон маҳалласида жойлашган дўконда сотилган, қўшни маҳаллалардан ҳам ўша куни ароқ олишган.

Мени ўйлантирган нарса шуки, шу дўконча эсимни таниганимдан бери бор. Энди, одам ўлгач, дўкон ҳужжатлари йўқлиги учун ёпилибди. Наҳотки, шу кунгача тегишли ташкилотларнинг ҳудудга бириктирилган ходимлари дўконни кўрмаган. Столчага қурут қўйиб сотсангиз ҳам икки соатда кўриб, жарима қилишади-ку! Мана, оқибат нима бўлди? Хўп, балки дўконни қўлбола ароқ учун ёпди ҳам дейлик. Аммо бу дўконда “бакалашка”да ароқ сотиш биринчи марта бўлмаяпти. Агар одам ўлмаганида йиллар давомида ҳам бўларди шу “савдо”.

Шу қўлбола ароқдан вафот этганларнинг яқинлари айтишяпти, “Олдин ҳам “бакалашка”да олиб келиб ичганди, ҳеч нарса қилмаганди” деб. Худди шундай, олдин ҳам қўлбола ароқ сотилган, аммо ҳеч ким ҳеч нарса демаган!

Кеча шу хабар чиққач, ОАВда Бош прокуратурага асосланиб “вафот этганларнинг аксарияти спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар бўлгани” айтилди. Мен билганларим ундай одамлар эмас, онда-сонда ичадиган одамлар эди. Улар ичкиликка ружу қўйганидан эмас, қўлбола ароқдан заҳарланиб ўлди!..