Тажриба алмашиш журналистикада муҳим жараён: Сирдарёлик журналистлар Самарқандда бўлди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев бошчилигида бир гуруҳ сирдарёлик журналистлар Самарқанд шаҳрида бўлди.

Меҳмонлар дастлаб, маърифатпарвар, ношир, муҳаррир ва драматург Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй музейида бўлиб, эвараси Шохруҳ Беҳбудий билан дилдан суҳбатлашди. Бобоси ва унинг бажарган ишлари, қолдирган бой меросий асарлари ва музейдаги ноёб экспонатлар ҳақида гапириб берди.

Меҳмонларни шунингдек, бу ердаги босмахона ускунаси, тарихий либослар, ўша даврга хос иш столлари, сандиқ ва асосийси тарихий қўл-ёзмалар қизиқтирди. Сирдарёлик журналистлар Беҳбудий ҳурмати учун эварасига тўн ҳам совға қилишди. 

Устоз ҳамкасбларнинг кейинги манзили вилоят Матбуот уйи бўлди. У ерда “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари таҳририятида ишчи ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Вилоят Матбуот тарихи музейида ҳам бўлиб газета тарихи билан боғлиқ экспонатларини кўздан кечирди. Таҳририятнинг ходимлар учун хизмат қиладиган спорт зали, алоҳида ошхона ва бошқа шароитлар билан танишди. 

Шу ернинг ўзида “Ижодий мулоқот – журналистика ривожи учун хизмат қилади” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. 

Тадбирни уюшманинг вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борди, Самарқанд журналистикасининг ўтмиши ва бугуни ҳақида сўз юритди. Шу баҳона газеталарда фаолият кўрсатган фидойи журналистлари эсга олинди. Икки вилоят ўрсатидаги ижодий ҳамкорлик бўйича келгусидаги режалар билан ҳам ўртоқлашишди. 

Учрашувда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи М.Ибодуллаев, “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Б.Раҳмонов, “Турон нашр” нашриёти директори А.Шукуровлар иштирок этиб, самарқандлик ижодкорлар доимо сирдарёлик ижод аҳли билан ҳамоҳанг равишда ижод оламида бирга хизмат қилаётганини таъкидлади. Қолаверса, вилоят журналистикасининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот беришди.   

- Албатта, ҳар қандай ижодкор бу каби учрашувларда янада чархланади, - дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктор, доцент Ваҳоб Раҳмонов. – Муҳими янада ижодга ундайди, завқ беради, илҳом олиб ижодга киришасиз. – Биз бугун Беҳбудийнинг сўнмас ижод масканини, қолаверса, вилоят газеталарига берилган эътибор ва ғамхўрликни кўриб, ҳавасимиз келди. Келгусида биз сирдарёлик журналистлар учун ҳам мана шундай ижод уйлари бўлишига аминмиз.

Меҳмонларга Самарқанд журналистикасига оид китоблар совға қилинди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.