Талабалик даври меҳнат стажига қўшилмайдими?

- Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига кундузги йўналишига ўқишга кириб, 2023 йилда битирдим. 3-босқич талабалигимда, яъни 2022 йилда мактабга ишга кирганман. 2024 йилнинг август ойида мактабдан ишдан бўшадим, лекин янги ишга ҳужжат топширганимда меҳнат стажим талаб қилинган 3 йилга етмаётганлигини айтишди. Мен институтда ўқиган давримни иш стажига қўшимча қилиб кўрсата олмайманми?
- “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаcида иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турлари санаб ўтилган. Мазкур модданинг “е” бандига кўра, олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, катта илмий ходим-изланувчилар институтида, таянч докторантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан, чет элда ўқиш умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Яъни, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига (эркаклар учун – 60, аёллар учун - 55 ёш) қадар камида 7 йил иш стажига эга бўлсангиз, шундагина олий таълим муассасаларида ўқиган даврингиз иш стажига қўшиб ҳисобланади ва 4 йиллик ўқиш даври 7 йиллик иш стажига қўшилиб, 11 йиллик иш стажи мавжуд деб ҳисобланади.
Демак, сизнинг олий таълим муассасасида ўқиш даврингиз фақатгина пенсияга чиқишда ҳисобга олинади, лекин ишга кириш вақтида сўраладиган меҳнат стажида ўқиш даври ҳисобланмайди.
Алишер Примов,
вилоят адлия бошқармаси нотариат, адвокатура ва ҳуқуқий хизматлар шуъбаси бошлиғи.