Таълим, етук мутахассис, юқори натижалар: SIUT Хитой олийгоҳлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Юртимизда энергетика соҳасида юқори малакали муҳандис кадрларни тайёрлаш бўйича 2023 йилнинг 6 апрелида Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ва Хитойнинг “Northeast Electric Power University” (NEEPU) университети ўртасида Хитойнинг глобал энергетикани ривожлантириш борасидаги муҳим ютуқларидан самарали фойдаланишга йўналтирилган ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.
Шунингдек, 2023 йил 18 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ХХРга давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан 2023-2027 йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида дастур имзоланди. Мазкур дастур доирасида Президентимиз томонидан имзоланган 41 ҳужжат орасида Самарқанд халқаро технология университети ва Хитойнинг Northeast Electric Power University ҳамда Tianjin University of Science and Technology университетлари билан ҳамкорлик меморандумлари ҳам мавжуд.
Шунга кўра, 2023 йил сентябрь ойидан бошлаб SIUT қошида Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири - Northeast Electric Power University билан ҳамкорликда ташкил этилган Хитой энергетика институтида «Иссиқлик энергетикаси» ихтисослиги бўйича бакалавриат босқичида талабалар таҳсил ола бошлади. Ушбу институтда ўқиш «2+2» шаклида амалга оширилади: бунда талабалар дастлабки 2 йиллик таълимни Ўзбекистонда, кейин 2 йиллик таълимни Хитойда ўқиш орқали бир йўла иккита дипломни қўлга киритиш имконига эга бўлади.
Таъкидлаш жоизки, талабалар ўзлари танлаган мутахассислик бўйича инглиз ва хитой тилларида таълим оладилар. Ушбу йўналишда таҳсил олган талабалар биринчи курсданоқ жадаллаштирилган хитой тили курслари билан бир қаторда ушбу мамлакатнинг урф-одатлари ва маданияти билан ҳам яқиндан танишмоқдалар.
Дарвоқе, 2024-2025 ўқув йили учун Хитой энергетика институтида «Иссиқлик энергетикаси» ва «Электр муҳандислиги ва уни автоматлаштириш» ихтисослиги бўйича жами 40 та квота ажратилган.
Жорий йилнинг 13-14 май кунлари SIUTга Хитойнинг университет Кенгаши раиси, профессор Zhang Jinghui бошчилигидаги делегацияси ташриф буюрди. Мазкур делегация таркибидан Han Shumin (халқаро ҳамкорлик ва алмашинув идораси директори), профессор Wang He (электротехника факультети декани) ҳамда профессор Hong Wenpeng (энергетика ва электромуҳандислик факультети декани) юқори марталабали меҳмонлар ўрин олган.
Учрашувда Самарқанд халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаев олийгоҳда таълим сифати олий ўринда эканлигини таъкидлаб, юқори мартабали меҳмонларга университетнинг икки йил давомида қўлга киритган ютуқлари, халқаро ҳамкорлик натижасида ишлаб чиқилган ўқув дастурлари, таълим йўналишлари ва истиқболдаги режалари ҳақида айтиб берди.
Шунингдек, ректор «Хитой билан ҳамкорликда дунё стандартлари даражасидаги муҳандис энергетиклар тайёрлашни мақсад қилганмиз», дея таъкидлади. Ўз навбатида Zhang Jinghui университетнининг қисқа муддат ичида эришган муваффақиятларини алоҳида эътироф этиб, унинг иқтисодиётга ва соҳа таълими ривожига қўшаётган ҳиссасини қадрлашини айтиб ўтди. Zhang Jinghui олийгоҳлар ўртасида ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши ҳамда ривожланиши йўлида доимо ёрдамга тайёр эканлигини, ушбу ҳамкорлик ришталарининг қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шундан сўнг, делегация аъзолари Хитой энергетика институти фаолияти билан танишиш мақсадида профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди. Учрашувда энергетика ва электромуҳандислик факультети декани Hong Wenpeng йиғилганларни Northeast Electric Power University фаолияти билан таништирди.
Учрашув якунида икки университет ўртасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш, қўшма таълим ва илмий лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, таълим, фан, маданият ва ахборот алмашинувини ривожлантириш ҳамда олий ўқув юртларининг инновацион, интеллектуал ва моддий-техник салоҳиятини оширишга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Бундан ташқари, келишувга кўра, NEEPU Самарқанд халқаро технология университетида «Dragon boat» спорт ўқув марказини ташкил этиш ҳамда уни бошқаришда кўмаклашиш учун хитойлик мутахассисларни юбориши белгиланди. Шунингдек, меморандумда Ўзбекистон «Dragon boat» терма жамоасини шакллантириш, жамоанинг халқаро мусобақаларда иштирокини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид келишувлар ҳам қайд этилди.
Делегация аъзолари ташриф давомида Самарқанд шаҳрининг тарихий масканлари ва қадамжоларни зиёрат қилди.