Самарқандлик мактаб ўқувчилари таълим гранти асосида хорижий ОТМларга ўқишга қабул қилинди

Биз аввалроқ бу ҳақда қисқача хабар берган эдик. Шундан сўнг уларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, бу имкониятга қандай эришганликлари ҳақида сўрадик.

Ойбек Жўрабоев - Самарқанд шаҳридаги 37-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси. У муддатидан олдин 7 та халқаро университетга талабалар сафига қабул қилинди ва умумий ҳисобда 762.000 AҚШ доллари қийматидаги таълим грантини қўлга киритди. Aмерика Қўшма Штатларининг Stetson университети Ойбекка 220 000 АҚШ доллари миқдорида 100 фоизлик грант тақдим этган бўлса, Wabash College О.Жўрабоевнинг 160 000 АҚШ доллари, Washington College - 140 000 АҚШ доллари,  Butler университети - 88 000 АҚШ доллари, Lynn университети - 84 000 АҚШ доллари, Temple университети - 70 000 АҚШ доллари миқдоридаги грантларни ютганлигини маълум қилди.

Индиана университети эса Ойбекни ўз талабалари сафидан ўрин олишидан мамнунлигини билдирган.

Ойбек билан суҳбатлашганимизда, у ёшлигидан компьютер технологияларига қизиқишини билдирди. У келажакда чет элда соҳани пухта эгаллаб, Ўзбекистонда кибер хавфсизлик ва сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчи.

Самарқанд шаҳридаги 37-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Сабина Баҳромбекова ҳам муддатидан олдин 8 та халқаро университетнинг талабалари сафига қабул қилинди. Сабинага Aмерика Қўшма Штатларининг Clarkson университети - 164 000 АҚШ доллари, Illinois Wesleyan университети - 144 000 АҚШ доллари, Washington College - 140 000 АҚШ доллари, Adelphi университети - 100 000 АҚШ доллари, Arizona университети 88 000 АҚШ доллари, Drexe университети - 70 800 АҚШ доллари, Temple университети - 70 000 АҚШ доллари миқдордаги таълим грантларини тақдим этди. Шунингдек, Mississippi College ҳам Сабинага талабалар сафига қабул қилинганлиги ҳақида хабар юборган.

- Бу имкониятларга эга бўлишимда устозларимнинг ҳиссаси катта, - дейди Сабина. - Улар мени билим олишимни доим талаб қилар, эринмасдан илм сирларини ўргатишар эди. Мен уларнинг меҳнатларини рўёбга чиқариб, келажакда етук психолог бўлишни орзу қиламан. Бу йўлда хориж олийгоҳларида ҳам тинмай илм эгаллайман.

Бугунги кунга қадар вилоятимизда Ойбек ва Сабина сингари ўндан ортиқ битирувчилар хорижий олий таълим муассасаларига таълим грантлари асосида ўқишга қабул қилинди.

Бахтигул Қаршиева.