Таълимга эътибор йилдан-йилга ошяпти. Аммо қачон тўлиқ самара беради?

Касбим педагог. Мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман. Яқинда телевидениеда Халқаро-пресс клубининг олий таълим ривожи, муаммолар ҳақидаги сайёр сессиялар якунига бағишланган йиғилишини қизиқиш билан кузатдим. Унда бугунги куннинг ўта долзарб ва айни дамда ўта оғриқли масалалари кун тартибига қўйилди.

Кўтарилган масалалар нафақат олий таълим  муассасаларининг, балки республикамиз умумий ўрта таълим мактабларининг ҳам муаммоси ҳисобланади. Чунки биз, умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари ўқувчиларни ёшлигидан тайёрлаб, қизиқишига қараймиз ва олий таълимнинг у ёки бу соҳасига йўналтирамиз. Уларнинг яхши ўқиётганини эшитсак фахрланамиз, ютуқларидан ғурурланамиз. Ўқишни тугатиб, муаллимлик дипломини қўлга киритиб, сафимизга қўшилган ёш мутахассисларга билганларимизни ўргатамиз. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзан ўқишни энди тугатиб, ўқитувчилик қилмоқчи бўлган айрим ёш кадрларнинг  билими саёзлиги, уқувсизлигини кўриб кўнглимиз ғаш бўлади.

Бунинг сабабини ўша йиғилишда билдирилган фикрлардан, айниқса, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг мамлакатимиз олий таълим тизимида таълим сифатига тўсиқ бўлаётган омиллар ҳақидаги сўзларидан  билиб олдим. Домла университет таълими мисолида бу борадаги камчиликларни рўй-рост гапириб, уларни бартараф этишга оид аниқ фикрлар билдирди. Бу эса келгусида  малакали кадрлар етиштирилиши, таълим даргоҳларида шаффофлик тўлиқ таъминланишига  ишонч уйғотади.

Бахтиёр РАВШАНОВ,

Пайариқ туманидаги 78-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.