Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”да нега майдонга туширилмаяпти?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Англиянинг “Манчестер Сити” клубида тўп сураётган ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов кейинги пайтда клуб сафидаги ўндан ортиқ ўйинда майдонга тушгани йўқ.
Қуйида шу ҳақда фикрларим билан ўртоқлашаман.
Ҳусанов дастлаб Англияга нормал даражада, ўта ҳаракатчан, камтар футболчи сифатида кириб келгани тарихий воқеа бўлди. Ҳатто бош мураббий Гвардиоланинг ҳам Абдуқодир ҳақидаги илк фикрлари профессионаллик ва камтарлик билан боғланди. Бу футболчи учун жуда муҳим жиҳатлар. Албатта, Ҳусанов ҳозир ҳам шундай, бунга шубҳа йўқ.
Бироқ ёш футболчининг фаолиятига бошқа омиллар ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистонга келганида бир қатор рекламаларда хизмат қилди. Ундан сочини текислашдан тортиб, тўйи учун кийим рекламасига қадар фойдаланилди. Медиа-тадбирларда нафақат футболчи, балки оила аъзолари ҳам тинч қўйилмади.
Спортчи андишаси ва тарбияси сабаб, ён-атрофида изғиб юрган, ҳатто футболни унча яхши тушунмайдиган, эшикдан ҳайдаса тешикдан кириб келадиган, фақат шахсий манфаатини кўзлайдиган баъзи бир блогерларга йўқ дея олмади. Бу жараёнда ёш футболчига қимматбаҳо совғалар ҳам берилди. Албатта, ўз вақтида машғулотларда иштирок этмаган, ҳордиқ чиқара олмаган футболчи фаолиятида бироз пасайиш кузатилди. Яъни, миллий жамоа таркибида Эронга қарши баҳсда энг паст балл олди. Бу клубдаги ўйинда ҳам таъсирини кўрсатгач, Ҳусанов захирага олинди.
«Манчестер Сити»нинг охирги ўйинларида Ҳусанов захирада қолавергач, мухлисларимизда хавотир кучайиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида турли тахминларни келтириб чиқарди. Ижара, трансфер, мураббий билан келишмовчилик ва ҳоказо.
Ижтимоий тармоқларда Ҳусановда ҳозир жисмоний жиҳатдан муаммо, пасайиш, бош мураббий Гвардиола билан ҳеч қандай шахсий ва профессионал даражада зиддият йўқлиги, аксинча, Пеп машғулотларда доимий тарзда унга эътибор қилиши, позицияси бўйича тактик кўрсатмалар бериши айтилди. Айтиш жоизки, Ҳусанов жамоаси кейинги ўйинларда муваффақиятсиз одимлаётгани боис, мураббий футболчилар ўртасида ротацияларни амалга оширди.
Жумладан, ёш ҳимоячи О’Райли чап қанотда кетма-кет учрашувларда голлар ва ассистлар қайд этгач, Йошко Гвардиол марказга ўтказилди. Диаш лидер сифатида марказий ўнг ҳимоячи сифатида ҳаракат қилди. Пеп шу вариантни қўллагач, Сити қаторасига ютишни бошлади. Албатта, жамоа барча ўйинларни ютиб турганда, бунинг устига Чемпионлар лигаси учун жиддий кураш кечаётган бир пайтда, яна темп юқори бўлган Англия чемпионатида мураббий таваккал қилолмайди, яъни футболчиларни алмаштирмайди.
Хуллас, энди юлдузга айланаётгган ёш футболчининг ҳаётидаги ортиқча нарсалар, машҳурлик унинг фаолиятига қанчалик таъсир қилганини кўрдик ва бу бизга, бошқа ёш спортчиларимизга дарс бўлиши керак. Абдуқодир Ҳусановга келсак, унда ҳали имконият бўлади. У ёш, серҳаракат, шижоатли. Бу ҳолатда мураббий ҳам, футболчи ҳам, мухлислар ҳам фақат мос шароит ва вақтни кутади.
Севинч Холбекова.