Тил ўрганиш келажак учун тикилган сармоя

Тил ўрганиш “мода” эмас, заруратга айланди. Тил билмоқлик янги имконият, янги фикр, янги дўстлар демакдир. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида битта тил билан чекланиб қолиш ўзини ўзи чегаралашга ўхшайди. Иш топишдан тортиб, интернетдан тўлақонли фойдаланиш, хорижда ўқиш ёки саёҳат қилишгача - буларнинг барчаси тил ўрганишни тақозо этяпти.

Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, тил ўрганиш нафақат фойдали, балки ақлни чархлайди, хотирани мустаҳкамлайди, ҳатто кайфиятни кўтаради. Олимларнинг айтишича, бир нечта тилни билиш мияни фаоллаштиради. Масалан, бир неча тилни биладиган одамларнинг хотираси кучаяди. Бундай кишилар алтсгеймер касаллиги деярли учрамайди. Бошқача айтганда, тил ўрганиш худди спорт каби ақлнинг машқига ўхшайди.

Аждодларимиз ҳам тил ўрганишнинг самарисини амалда исботлаганлар. Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Абу Бакр Косоний ўнлаб тилларни мукаммал билган. Улар тил билишни шунчаки эмас, тафаккурни бойитувчи восита сифатида билишган. Навоий форсий ва туркийда бир хил ижод қилган, ёза олган.
Тил билиш бошқа халқнинг урф-одатлари, маданиятини ҳам ўрганиш, дегани. Инглиз тилида “challenge” деган сўз бор. У бизда “муаммо”, “қийинчилик” деган маънони англатади. Аслида бу сўзда салбий эмас, ижобий маъно – “синов”, “имконият” акс этади.

Баъзилар “ёшлигимда ўрганмадим, энди кеч бўлди”, деб ўйлайди. Бу хато фикр. Тил ўрганиш кечикадиган жараён эмас. Ҳатто 70 ёшида инглиз тилини ўрганишни бошлаган кишиларимиз бор. Муҳими, кишида ҳаракат, қизиқиш ва сабр бўлса, кифоя.

Бугун инглиз, рус, турк, корейс тилларини билиш заруратга айланди. Чунки бу тиллар ёрдамида иш топиш, хорижда ўқиш ёки онлайн билим олиш осон. Бироқ унутмаслик керакки, она тилини яхши ўзлаштирмаган одам бошқа тилни ўрганиш қийин кечади.
Хулоса ўрнида айтганда, тил ўрганиш келажагимиз учун тикилган сармоя. Бу сармоя эса ҳеч қачон йўқолмайди, эскирмайди, ўғирланмайди.

Мурод ШАМСИДДИНОВ,
СамДЧТИ ўқитувчиси.