Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларни нима қийнаяпти?

Самарқанд шаҳрида Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниёзовнинг туризм соҳаси мутахассислари ва шу  йўналишда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун сайёр қабули бўлиб ўтди.

Қабулда тадбиркорлар фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар ва тизимдаги камчиликлар юзасидан мурожаат қилди.

Жумладан, "Bo‘ston Travel" МЧЖ раҳбари Аббос Ҳазратқулов экотуризмни ривожлантириш мақсадида тоғли ҳудудларда микроавтобуслар боришига рухсат берилгани, лекин аксарият ҳолларда ушбу янгиликдан кўпчиликнинг хабари йўқлиги, бу эса маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун ноқулайлик туғдираётганини таъкидлади.

- Бугунги кунда хизмат кўрсатаётган меҳмонхоналарнинг жойлашган ўрни, қуввати, даражаси ва қандай хизмат кўрсатиши ҳисобга олинмаяпти, - дейди "El Emir" меҳмонхонаси раҳбари Бобур Собиров. - Яъни, у оилавий, бутик ёки бошқа турдаги меҳмонхонами, уларнинг сонига қараб пеня тўланяпти. Албатта, бу нафақат тадбиркорлар, балки шаҳримизга келаётган сайёҳлар учун ҳам ноқулай ҳолат. Чунки арзон ва қиммат меҳмонхоналар ўртасида фарқ бўлиши керак. Шу боис бу жараённи меҳмонхоналарнинг ҳолатидан келиб чиқиб, табақалаштириш мақсадга мувофиқ.

Гид-таржимон Ўктам Ражабов эса парковкаларда сайёҳлар учун машина қўядиган жойларни белгилаб қўйиш кераклигини, шунингдек, бозорларда, диққатга сазовор жойларда қўл ювиш воситаларини ўрнатишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, шаҳарда банкоматларни янада кўпайтириш, носозларини таъмирлаш, диққатга сазовор масканлар ҳақидаги маълумотларни янгилаш ва бойитиш, жамоат жойларида ҳожатхоналарни кўпайтириш ҳамда соҳага малакали кадрларни жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Тизимдаги муаммо ва камчиликлар туризм қўмитаси ва вилоят туризм бошқармаси масъулларидан иборат ишчи-гуруҳ томонидан ўрганилиб, босқичма-босқич ҳал этилиши маълум қилинди.

Фазлиддин Рўзибоев.