Танқидий мақола Пайариқдаги МТТ ходимлари учун сабоқ бўлдими?

Бундан бир ҳафта аввал Zarnews.uz да “Пайариқдаги боғчаларда болалар гўштсиз овқат ейдими?” сарлавҳа остида мақола эълон қилинганди. Мақолада туманнинг 31-мактабгача таълим ташкилотидаги ҳолат баён этилган. Муассаса мослаштирилган бинода жойлашгани, тарбияланувчиларнинг гўшт ўрнига тухум истеъмол қилаётганлиги ўз ўрнида танқид қилинган.

Бир ҳафта ичида боғчада нима ўзгарди? Болажонлар ҳалиям гўшт ўрнига тухум истеъмол қилишяптими? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида мазкур муассасада бўлдик.

Боғчага кириб борар эканмиз, икки аёлга рўбару келдик.

- Набираларимни боғчага олиб келиб, муассасани назорат қилиб тураман, - дейди Ҳабиба Қудратова. - Боғчадан шикоятим йўқ. Ҳозирда набираларим инглиз ва рус тилларида шеърлар айтяпти. Бу борада тарбиячиларга раҳмат айтишимиз керак. Шаҳарга чиқсак ва телевидение каналлари орқали бири-биридан шинам боғчаларни кўрамиз. Қанийди, бизнинг маҳаллада ҳам шундай боғча қад ростласа, деб орзу қиламиз. Мухбир бўлсангиз, бизда ҳам шундай боғча қурилишига ёрдам беринг, талабимизни раҳбарларга етказинг.

Гапга Дилфуза Исоқулова қўшилди:

- Боғчанинг борига шукур. Фарзандим яхши гапиролмасди. Шифокорларга кўрсатдим, натижа бўлмади. Шунда бир шифокор “Болангизни боғчага беринг, нутқи тез ўзгаради” деди. Мана, уч йилдан буён шу боғчага қатнайди. Боламнинг бугун гаплари ҳам, нутқи ҳам равонлашди.

Сўнг боғча ҳудудига кирганимизда масканда болажонларнинг таълим-тарбия олиши учун керакли шароит яратилган бўлса-да, биносининг эскилиги дилимизни хира торттирди.

- Мослаштирилган бинода фаолият кўрсатамиз,- дейди бош тарбиячи Дилфуза Баҳромова. – Бу ерда 75 нафар бола таълим-тарбия олмоқда. Зарур шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Инглиз, рус тили, жисмоний тарбия ва мусиқа машғулотларига алоҳида эътибор қаратганмиз. Бундан ота-оналар хурсанд бўлишяпти. Лекин муассасамиз хоналари болажонлар учун торлик қиляпти.

- “Зарафшон” газетаси мухбири келган куни ҳақиқатан ҳам болаларнинг овқатига гўшт ўрнига тухум солинганди, - дейди ҳамшира Зулхумор Нишонова. - Боиси хўжалик ишлари бўйича мудиримиз гўштни кеч олиб келди. Тўғри, эртага нима овқат бўлади, унга қандай масаллиқлар солинади, олдиндан режалаштириб қўйилиши керак. Эрталабга гўшт етиб келшини ўйлаб, хато қилган эканмиз. Бундай ҳолат болажонларнинг, ота-оналарнинг олдида юзимизни шувит қилди. Ушбу мақола биз учун сабоқ бўлди.

- Бугун нўхат шўрва билан сомса тайёрладим, - дейди ошпаз Соҳина Тошқулова. - Овқат тайёрлаш учун 4,5 килограмм товуқ гўшти ва 3 килограмм мол гўшти ишлатдим. Шуни алоҳида таъкидлашим керак, ҳозирда масаллиқ бўйича умуман муаммо бўлгани йўқ. Фақат ошхона жиҳозларимиз бироз эскирган. Овқат тайёрланадиган газ ускунамиз иккита бўлганда, янаям яхши бўларди.

Ота-оналар, 31-МТТ ходимлари томонидан билдирилган ушбу талаблар мутасаддиларни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ,

Суннат МУҲАММЕДОВ.