Тақиқланган дори воситасини олиб ўтишга уринган шахс ушланди
Гиёҳвандлик воситаларини ёки махсус рухсатнома талаб қилинадиган товарларни республикамиз ҳудудига олиб кириш, сотиш ва ўтказиш тақиқланади. Шундай бўлса-да гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтишга уринаётган кимсалар учраб туради.
Наим (исмлар ўзгартирилган) Тожикистон фуқароси, ўзбек тилини мукаммал билади.
Бир куни у “Жартепа” чегара назорат божхона пости орқали “Панжикент-Ургут” йўналиши бўйича ҳаракатланиб, Тожикистон Республикасида олган жами 10 дона таблеткадан иборат “трамадол” гиёҳвандлик воситаларини ўзига тегишли қўл сумкасининг ички қисмига яшириб Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлади.
У “Жартепа” чегара божхона постидан ихтиёрий равишда “яшил йўлак”ни танлаб, божхона назоратидан ўтаётганди. Унинг қўл сумкаси рентген аппаратидан ўтказилганда шубҳа уйғотгани сабаб божхона кўригидан ўтказилди. Кўрик давомида Наимдан ходимлар республикамизга олиб кирилиши ва божхона чегараси орқали олиб ўтилиши тақиқланган ёки махсус рухсатнома талаб қилинадиган товарлар бор-йўқлиги ҳақида сўраганида у “Йўқ”, деб жавоб берди.
Шундан сўнг Наимнинг қўл сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилган. Шунда 1 конвалютада жойлаштирилган жами 10 дона “Мопарол Трамадол 50 мг АХ141002 02/21 01/24” ёзуви мавжуд бўлган дори воситаларини божхона назоратидан яшириб, Ўзбекистон Республикасига олиб киргани маълум бўлди. Шундан кейин таблеткалар текшириб кўриш учун тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Эксперт хулосасига кўра, Тожикистон Республикаси фуқаросидан далилий ашё тариқасида олинган фольгаланган юзасида “Мопарол Трамадол 50 мг АХ 141002 02/21 01/24” ёзувли, завод қадоғида бўлган бир дона конвалютадаги 10 дона кўк-сарғиш рангли капсулаларнинг таркибида гиёҳвандлик воситалари туркумига кирувчи трамадол моддаси мавжуд бўлиб, номланишига мос дори воситаси ҳисобланиши ва трамадол моддасининг соф оғирлиги 0,5 граммни ташкил қилиши аниқланган.
Суд ҳукми билан Наимга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 24 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Фарҳод Худойбердиев,
жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди раиси.