Тарбиясиз бола илмга интилмайди

Биз ҳар куни таълим тизимининг ислоҳ қилинаётгани, ўқитувчилар мактабда янгича методда дарс ўтаётгани, болани креатив фикрлашга ундайдиган янги дарсликларнинг жорий этилаётгани ҳақида баландпарвоз гапларни эшитяпмиз. Турли танловларда ўқувчи ва ўқитувчилар рағбатлантириляпти, аммо билимсиз ёшлар кўпайиб кетмоқда. Хўш, нима қилсак, ўқувчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқини оширамиз?

Яқин тарихда мактаб деразасидан пойлаб, билим олганлар ҳақида эшитганмиз. Бугун ўн бир йил мактабда ўқиб, лоақал исм-фамилиясини тўғри ёзолмайдиганлар бор.

Яқинда бир танишим гапириб қолди:

- Бир ташкилотга иш билан боргандим, ходим исмимни сўради. Мен айтдим, у ҳужжатга исмимни Сунат деб ёзибди. Исмим Суннат, иккита “н” бўлади, дедим. У бу сафар Суннад деб ёзди. Жаҳлим чиққанидан “Эй, ука, қўй, сен бундай ташкилотда ишлама, ўзингга лойиқ ёзув-чизуви йўқ иш топ”, дедим.

Адабиёт фани ўқитувчимиз “Ким кўп китоб ўқиса, у бехато ёзади”, дерди. Биз бехато ёзиш учун ҳам китоб ўқишга тиришардик. Бугун ўқувчиларни китобга қизиқтиролмай оворамиз. Ҳатто китобхонлик танловида қатнашаётганларга ҳам нисбатан баҳо бериляпти. Яқинда китобхон танловида иштирок этган бир қиздан қанча китоб ўқигани ҳақида сўраганимда, жавоб беролмай қолди. Кейин билсам, баъзи ёшлар фақат танловда сўраладиган адабиётларни ўқир экан. Биз танловда қатнашиш учун эмас, балки ўзимиз қизиқиб китоб ўқирдик.

Мактаблардан бирига жанжал қилиб келган онага фарзанди ўқишга қизиқмаётгани тушунтирилса, аёл: “Боламни ўқиш-ўқимаслиги сенларни ташвишга солмасин, отаси ҳеч қаерда ўқимаган, қишлоқда кимдан кам?”, дебди. Мана, шундай тушунчадаги оналар сабабли айрим ўқувчилар мактабга билим олиш учун бормайди. Буни бир рақам мисолида келтираман. Масалан, вилоятда бу йилги олий ўқув юртларига кириш тест синовларига етти мингдан ортиқ абитуриент келмаган. Аслида, улар мактаб маъмуриятининг илтимосига кўра, шунчаки ҳужжат топшириб қўйган, холос. Бундай кўзбуямачилик ҳар йили кузатиляпти. Сабаби, эртага ҳар бир мактаб директоридан нега битирувчиларнинг фалон фоизи олий таълим муассасасига ҳужжат топширмаган, деб сўралади.

Олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганларнинг салкам ярми, яъни 49,4 фоизи ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 бальни ҳам тўплай олмаган. Ўтган йилги аҳвол бундан ҳам аchinaрли эди. Ушбу кўрсаткичларнинг ўзи таълимга эътибор жуда пастлигини билдиради.

Бугун илм олишга қизиқмайдиган ёшларнинг пайдо бўлишига биргина мактаб айбдор эмаслигини ҳамма билади. Агар оила муҳити соғлом бўлмаса, ота-она фарзанди тарбияси билан жиддий шуғулланмаса, бола нуфузли мактабда ўқигани билан билим олмайди. Яқинда бир ўқитувчи билан танишиб қолдим.

- Аввал давлат мактабида ишладим, энди хусусий мактабда дарс беряпман, - деди у.

- Хусусий мактабда ҳамма шароитлар бор, болалар ҳам шунга яраша яхши ўқишса керак? – деб сўрадим.

- Мен ҳам бошида шундай ўйлагандим. Аммо, хусусий мактабда бойларнинг боласи ўқийди. Улар билим олишга унчалик қизиқмайди. Баъзилари ўқитувчиларга осмондан келиб гапиради. Оилада шундай тарбия топгач, мактабда ҳам ўзини ёмон тутади, ўқитувчини ҳурмат қилишни билмайди. Кейинги вақтларда давлат мактабига қайтсамми деган фикрга келяпман.

Бундан кўриниб турибдики, оилада болага тўғри тарбия берилмаса, у барча шарт-шароитга эга мактабда ўқигани билан илм олишга интилмайди. 

Боланинг билим олишга қизиқмаслигининг сабаблари яна ота-онага бориб тақалади. Баъзи ота-оналар фарзанди келажагини ўйлаб хорижга ишга кетаётганини айтишади. Аммо ўқитувчиларнинг фикрича айнан ота-онаси хорижда бўлган, қариндошларининг қўлида тарбияланаётган болалар мактабда яхши ўқимайди, умуман ўқишга қизиқмайдиганлари ҳам бор.

Яна бир нарса: мактабларда дарсларни ўзлаштиролмаган ўқувчиларни синфдан синфга қолдириш деган масала унутилди ҳисоб. Ўқиса-ўқимаса, ўқитувчи қолоқ ўқувчининг “3” баҳосини қўйиб беради, тўғрироғи, шунга мажбур қилинади. Табиийки, синфдан синфга қолдирилмагач, ўқувчи хоҳласа дарс қилади, хоҳламаса йўқ, яъни ўқиш масъулиятини ҳис қилмайди. 

Бугун ёшлар тарбияни интернет тармоқларидан олаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бундан бир неча йил олдин ижтимоий тармоқларда, тўғрироғи, ёшлар ўртасида бир ролик жуда машҳур бўлганди. Унда айтилишича, эмишки дунёга машҳур миллиардерлар ўқимасдан, ўқишга қизиқмасдан бой бўлиб кетганмиш. Ўшанда ўғлим мен билан ўқиш муҳим эмаслиги ҳақида тортишганди. Орадан маълум вақт ўтиб, ўз орзуларига билим олмасдан эришолмаслигини тушуниб етгач: “Сиз ҳақ экансиз, киши билим олмасдан ўз мақсадларига эришолмас экан”, деди. Ҳамон ёшлар орасида шундай фикрлайдиганлар бор. Аммо фарзандни тўғри йўлга йўналтириш ота-онанинг вазифаси.

Марвон ибн Ҳакам фарзандларига шундай насиҳат қилган экан:

- Илм ўрганинглар, агар раҳбар бўлсангиз, барчадан устун бўласиз, агар ўртамиёна бўлсангиз, бошқарувчи бўласиз, агар оддий фуқаро бўлсангиз, яхши яшайсизлар.

Хулоса ўзингиздан, азизлар. Бугун фарзандингиз билим олишга қизиқмаётган бўлса, унинг тарбиясида сизнинг айбингиз бор.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.