Тарих ва тақдир: Имомқулихоннинг мудҳиш қасами
Имомқулихон 1611-1642 йилларда пойтахти Бухоро бўлган йирик салтанатни бошқарган. У аштархонийлар сулоласининг кўзга кўринган вакилларидан бири эди.
Унинг даврида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилган. Самарқанддаги Регистон мажмуасида Улуғбек давридан икки аср ўтиб, Шердор ва Тиллакори мадрасалари тикланган. Бошқа шаҳарларда ҳам яна кўплаб иншоотлар бунёд этилган. Илм-фан, маданият, меъморчилик бирмунча тараққий этган.
Имомқулихон ўз сиёсатини ўрта асрлар учун анъанавий бўлган ўзга ҳудудларни босиб олиб, мамлакат чегараларини кенгайтиришдан бошлади. 1613 йилдаги Тошкент воқеалари бунга мисолдир. Афсуски, Тошкент қирғини Имомқулихон сиёсатидаги мудҳиш доғ қолдирган ҳодиса бўлди.
Албатта, бу ўринда Имомқулихоннинг Тошкентни қозоқ ва қалмиқлар таъқибини сақлаб қолганини ҳам унутмаслик керак. Босқинчилар Мовароуннаҳрдан қувиб чиқарилгач, Имомқулихон ўз ўғли Искандархонни Тошкентга ҳоким этиб тайинлаб, Бухорога қайтади. Аммо Искандархон ҳокимликнинг илк кунларидан Тошкент аҳолисига жабр-зулм ўтказа бошлайди. Айниқса, солиқлар миқдорининг кескин оширилиши ялпи норозиликни келтириб чиқарди. Тошкент аҳолиси ҳокимга қарши исён кўтаради ва натижада Искандархон ўлдирилади.
Бу машъум хабар Имомқулихонга бориб етгач, дунё кўзига қоронғу бўлиб қолади ва Балхга, ўз укаси Надрмуҳаммадхонга мактуб ёзиб, уни бу воқеадан огоҳ этади. Сўнгра катта қўшин билан Тошкентга йўл олади. Надрмуҳаммадхон ҳам акасига ёрдам бериш учун Тошкентга юзланади. Ака-укалар қўшини бирлашиб, бир ой мобайнида Тошкентни қамал қилиб туришади. Шаҳар дарвозаларидан бири ёндириб юборилгач, қўшин шаҳарга бостириб киради.
Ўғлининг ўлимидан ғазаб отига минган Имомқулихон аскарларига дуч келган одамни қиличдан ўтказишни буюради ва “то одамлар қони отимнинг узангисига етмагунча қирғинни тўхтатмайман” деб қасам ичади. Шу тариқа шаҳарда мисли кўрилмаган қирғин бошланади. Аскарлар ёшу қарини баравар тиғдан ўтказа бошлайди. Хоннинг машъум қасами ҳаммаёққа овоза бўлган, шаҳар дарвозалари беркитилган, бечора халқ кимга додини айтишни билмай қолганди. Тошкентда ўша пайтда тахминан 60-70 минг аҳоли яшаган, одамлар бутунлай қириб ташланган тақдирда ҳам қон отнинг узангисига етмаслиги аниқ эди.
Қирғин шу даражага бориб етадики, ҳатто умри жанг майдонида, қатлу қирғинда ўтган лашкарбошилар ҳам мазлумлар фарёдига дош бера олишмайди ва хонга мақсадсиз разолатни тўхтатишни маслаҳат беради. Имомқулихон гарчи зулм ҳаддан ошганига, қасос алангаси пасайганига иқрор бўлса-да, ғазаб устида ичилган қасамидан қайтолмасди. Шу боис, уламоларга мурожаат қилишади.
Фақиҳлар “қон узангига етиши учун шаҳарни қонга ботириш шарт эмас, битта кичикроқ ҳовузни қатл қилинганлар қони билан от узангисига етадиган даражада тўлдириш керак” деб фатво беришади. Шу тахлит шаҳардаги ҳовузлардан бирининг суви бўшатилиб, унга қирғин пайти ўлдирилган одамлар қони то хоннинг оти узангисига етгунча қадар оқизилади. Шундан кейингина бу қирғин тўхтатилади ва хумордан чиққан хон шаҳарга янги ҳоким тайинлаб, Бухорога қайтади.
Маълумотларга кўра, қон билан тўлдирилган ҳовуз анча пайт шу ҳолатда турган ва ундан бадбўй ҳид анқиб ётган. Кейинчалик шаҳарнинг шу ҳудуди халқ орасида “Сассиқҳовуз” номини олган. Кўкча даҳасидаги бу маҳалла яқин-яқингача мавжуд бўлган.
Имомқулихон кейинчалик ўзининг бу қилмишидан пушаймон бўлганми-йўқми ноаён. Аммо у умрининг сўнгги йилларида кўзлари ожизлашиб қолгани, тахтни укаси Надрмуҳаммадхонга топшириб, ўзи гуноҳларига тавба қилиш учун Ҳажга йўл олгани айни ҳақиқат. Имомқулихон 1644 йилда Маккада вафот этади, васиятига кўра, жасади Мадинада дафн қилинади.
Рустам ЖАББОРОВ.