Барот Бойқобилов: "Таржимаи ҳолим — Ургут қиссаси, шеърим — ургутликлар олтин бўсаси"

Барот Бойқобилов 1937 йил 14 мартда Ургут туманидаги Кенагас қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати.

1962 йилда СамДУнинг филология факультетини тамомлаган.

«Самарқанд сатрлари» (1962), «Висол» (1965), «Сени излайман» (1968), «Самарқанд ушшоғи» (1969), «Афросиёб» (1970), «Сонетлар» (1982), «Ким сокин яшайди Ўзбекистонда» (1990) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган.

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган «Шукуҳли карвон» (1981), «Нотинч Хуросон» (1985), «Сокин Хуросон» (1992) ва «Қонли Хуросон» (1992) достонлари, «Ҳайрат ул-Аброр» (1997) шеърий романи ҳам бор.

Б.Петрарка, В.Шекспир, П.Неруда, Р.Ҳамзатов сонетларини ўзбек тилига таржима қилган.

Барот Бойқобилов 2006 йилда вафот этган.

008

* * *

Ургут чиноридан менинг қаламим,
Қалбимнинг софлиги — булоқларидан.
Одамларин меҳри — ўтли каломим,
Қаддим расолиги — алп тоғларидан.

Кўклам хандасидан — табассум, кулгим,
Шеър битган қоғозим — сахий даласи.
Кимё тупроғидан тўлган илигим,
Нафасим — шифобахш субҳи сабоси.

Бедор сойларида — умрим кемаси,
Чарх урган каптари — ўй-орзуларим.
Тилидаги ғазал — севгим шеваси,
Чўққига кетган йўл — менинг изларим.

Таржимаи ҳолим — Ургут қиссаси,
Шеърим — ургутликлар олтин бўсаси.

* * *

МEН СEНИ СОҒИНДИМ

Ким кашф этмиш Ўзбекистонни,
Қайдан пайдо бўлмиш бу диёр?
Шарққа маёқ бундай маконни
Яратгандир қайси бунёдкор?

Ким кашф этмиш Ўзбекистонни,
Қайдан пайдо бўлмиш бу диёр?
Шарққа маёқ бундай маконни
Яратгандир қайси бунёдкор?

Боши узра кулган осмонни
Ким айламиш тонгдек беғубор?
Мафтун айлаб шу кенг жаҳонни,
Ким мунча ҳам этмиш бахтиёр?

Жаҳон ичра қўйиб қутлуғ ном,
Ким ўпгандир пешонасини,
Саодатга йўллаб субҳу шом?

Бу ҳаётнинг кошонасини
Халқимизга ким этган инъом,
Олтин айлаб остонасини?

* * *

Мен сени изладим, сен эса мени
Муҳаббат аталмиш бир хиёбондан.
Мен сени сўзладим, сен эса мени,
Кўнгилга саодат битган достондан.

Мен сенга гул тердим, сен эса менга
Ошиқлар қадами етмаган ердан.
Мен сенга қўл бердим, сен эса менга
Аму бўса олиб тургандек Сирдан.

Мен сени соғиндим, сен эса мени,
Ҳижронда висолга чорлади мактуб.
Мен сени соғиндим, сен эса мени,
Тоҳиру Зуҳродек бўлолдик маҳбуб.

Муҳаббат бўлмаса икки дунё ҳам,
Қовуштиролмасди бизларни, эркам.

* * *

Юр, чиқайлик сайрга, дўстим,
Соғинганман Сиёб бўйини.
Тарк этайлик шаҳарни бир зум
Кўрмоқ учун кўклам тўйини.

Капалакдай айлаб сайри гул,
Боғлар аро кезайлик хуррам.
Сендан фақат илтимосим шул,
Биздан ризо бўлсин бу кўклам.

Қўлингдаги чинни пиёла,
Майли, менга тутмасин шароб.
Юр, азизим, тезроқ Сиёбга,
Май ўрнида ичайлик гулоб.

Ёшлигимиз ўтган гул боғлар
Ҳар баҳорда бизни сўроқлар.