Таржимон, аввало, тарихимиз ва миллий қадриятларимиз ҳақида яхши билиши керак

Самарқандга чет давлатлардан келаётган меҳмонлар сафи кундан-кунга кенгайяпти. Сайёҳларни кутиб олиш, уларга тарихимиз, анъаналаримиз ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумот беришда гид-таржимонларнинг маҳорати муҳим. Афсуски, бугунги кунда таржимонлик фаолияти билан шуғулланадиганларнинг айримлари бир-биридан қизиқарли урф-одатларимиз, уларнинг пайдо бўлиши ҳақида хорижликларга чет тилида тушунтириб беришда қийналиб қоляпти.

- Ёш таржимонларимиз ана шундай ноқулай вазиятга тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш билан шуғулланадиган Самарқанд давлат чет тиллар институтида очиқ дарслар ташкил этиляпти, - дейди институтнинг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Шерзод Суюнов. – Биринчи инглиз тили факультети томонидан ўтказилган маданий-маърифий  тадбир ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Албатта, ёшларимиз чет тилида равон сўзлаша олгани билан тарихимиз ва миллий қадриятларимиз ҳақида чуқур билимга эга бўлмас экан, хорижликларга таржимонлик хизматини кўрсатиш, уларнинг эътиборини тортиши қийин. Шунинг учун ҳам бугунги кунда талабаларимизга профессор-ўқитувчиларимиз томонидан очиқ дарсларда қадимий анъаналаримиз, миллий таомлар ва ҳунармандчилик маҳсулотларимиз, уларнинг тайёрланиш жараёнлари амалий машғулотлар тарзида кўрсатиб бериляпти.

Институтда ўтказилган “Миллий қадриятлар – жамият кўзгуси” мавзусидаги тадбирда талабалар томонидан тайёрланган таомлар ва қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмаси, қадим қадриятларни ўзида акс этган турли тиллардаги саҳна кўринишлари ўзлари учун муҳим амалиёт дарси бўлди.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов,

Жасур Шукуров.