Ташландиқ жойда болалар спорт майдончаси барпо этилди

Самарқанд шаҳрида бунёд этилаётган кўп қаватли уйлар, истироҳат боғлари, спорт майдончалари, кўча ва йўлларимиз замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари асосида ўзгараётган бир пайтда шаҳардаги Ал-Хоразмий кўчаси 113-уйнинг ёнидаги ташландиқ жойдан фойдаланиш мумкинлигини хаёл қилардик. Чунки уйимизга яқинроқ бўлган бирорта болалар майдончаси бўлмаганлиги сабабли фарзандларимиз вақтини қишда лой, ёзда чанг бўлган жойда ўтказишга мажбур бўлишарди.

Аммо яқинда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан маслаҳатлашиб, шу жойда болалар спорт майдончаси қуришга амалий ёрдам беришларини сўраб, шаҳар ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдик. Ниҳоят, бизнинг фикримиз ҳам инобатга олинди. Бир неча кун давом этган қурилиш ишларидан сўнг мазкур жойда замонавий болалар спорт майдончаси қад ростлади. Эндиликда нафақат бизнинг «дом»даги, балки маҳалламиздаги бошқа уйлардан ҳам болалар, ўсмир-ёшлар, нуроний отахону онахонлар келиб, бўш вақтларини мароқли ўтказишмоқда.

«Обод маҳалла» давлат дастури лойиҳаси асосида қурилиб фойдаланишга топширилган ушбу майдонча қурилиши вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватлангач, ишлар вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан амалга оширилди. Халқнинг дардини тинглаб, маҳалламизга янги болалар майдончаси қурилишига яқиндан ёрдам берган мутасаддилардан миннатдормиз.

Жамила МУСТАФОЕВА.