Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликларни хавфли вирусдан огоҳлантирди

Ўзбекистон ТИВ Хитойда тарқалган вирус сабаб ҳамюртларимизга мурожаат билан чиқди.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, Хитой расмий идоралари Ухан шаҳрида (Хубей провинцияси) тарқала бошлаган пневмония вирусининг (коронавируснинг) янги шаклидан 2020 йил 20 январь ҳолатида жами 4 кишининг вафот этганини хабар қилган.

Хитойнинг масъул идоралари Ухан шаҳрида 136 нафар янги касалланиш ҳолатини аниқлаган. Пекин ва Шенчжен шаҳарларида беморларнинг аниқлангани илк бор тасдиқланди. Хитойнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудудида ҳам 90 дан ортиқ касалланиш ҳолати рўйхатга олинган.

Янги коронавирусни юқтирганлар Таиланд, Япония ва бошқа давлатларда ҳам аниқланган, Ветнам ва Цингапурда айрим беморларнинг ушбу вирус билан касалланганлиги гумон қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти хорижда бўлиб турган ёки чет элга, хусусан, Хитойга боришни режалаштираётган ватандошларимизни зарурий эҳтиёт чораларини кўришга чақирган.