Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия Федерациясида ишлаётган ўзбекистонлик мигрантларга огоҳлантириш билан чиқди.
Агентликнинг маълум қилишича, сўнгги вақтларда Россияда ишлаётган юртдошларимиз орасида Интернет орқали катта миқдордаги пул эвазига маҳсулотларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш ҳақидаги эълонлар бўйича муаммолар юзага келмоқда.
Норасмий курьерлик хизматларида наркотик ёки тақиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бериш таклиф қилинмоқда ва оқибатда полиция ходимлари томонидан курьерлар ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда.
Агентлик мигрантлардан норасмий курьерлик хизматларида ишламасликни, пул эвазига шубҳали буюмларни етказиб бермасликни ёки маҳсулотни текширишни сўрамоқда.
Маълумот учун, Россия қонунчилигига кўра, наркотик моддаларни сотиш ёки етказиб бериш учун узоқ муддатли қамоқ жазоси белгиланган.