Телефонини ўғирлатиб қўйган сайёҳ нимадан ҳайратланди?
Регистон мажмуасидан чиққан германиялик сайёҳ Тошкент кўчасидаги ўриндиқлардан бирига ўтирди. Тунги сокинлик, майин шабада кишига ҳузур беради. Афсуски, шаҳримизнинг тунги таровати ва гўзал обидаларидан баҳраманд бўлишни ният қилган меҳмоннинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади, унинг қўл телефони ғойиб бўлди. Бирор жойда тушириб қолдирдим, деса, ёнидан олиб ишлатгани эсида. Демак, ўғирлашган.
Сайёҳ дарҳол вилоят туризм полицияси навбатчилик қисмига мурожаат қилди. Воқеа жойига етиб борган ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари аввал сайёҳ билан мулоқот қилиб, уни тинчлантиришди. Шундан сўнг тезкор қидирув тадбири бошланди.
Тун эмасми, камералардан фойда кам. Шу боис туризм полицияси ўғирланган телефонни у тарқатадиган махсус тўлқин орқали қидиришди. Бу илмоқ уларни шаҳримиздаги энг йирик қўл телефонлари савдо марказига бошлаб келди. Бироқ бир муаммо бор, тўлқин аниқлагич телефоннинг аниқ турган жойини кўрсатмайди, қолаверса, ички ишлар ходими марказга формада кириб, суриштирувни бошласа, ўғрини, у билан бирга телефонни ҳам қочириб қўйиши мумкин. Шунда ходимлардан бири фуқаро кийимини кийиб, сайёҳ ҳамроҳлигида дўконларни айланади. Мақсад меҳмоннинг ўз қўл телефонини таниб олиши эди. Шундай ҳам бўлди. Дўконлардан бирида қувватланишда турган қўл телефони сайёҳники бўлиб чиқди. Ўғри уни сотувчига 200 АҚШ долларига пуллаган экан. Суриштирув давомида жиноятчи ҳам топилиб, жавобгарликка тортилди.
“Геллоп” ижтимоий тадқиқотлар марказининг 2023-йилдаги “Сайёҳлик учун энг хавфсиз давлат” рейтингида Ўзбекистон 90 балл билан юқори ўринлардан бирини эгаллади.
— Воқеа ижобий якун топгач, сайёҳ қўл телефонини қайта кўришдан умидини узганлигини тан олди, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси жамоат хавфсизлиги бўлими бош инспектори Фаррух Асадов. – Унинг айтишича, у кўп саёҳат қилган ва бошқа давлатларда шу ҳолат юз берса, сайёҳдан фақат ариза олиб қолиниши, қидирув бошлангунча жиноят изи ҳам, телефон ҳам йўқолишига гувоҳ бўлган. Бизда тартиб бошқача. Олдимизда турган вазифа биринчи навбатда жиноят оқибатини бартараф этиб, меҳмонларнинг ҳаловатини қайтариш. У хоҳ маҳаллий, хоҳ хорижий сайёҳ бўлсин, вилоятимизда ўзини ҳимояланган ва хавфсиз ҳис қилиши керак. Айтиш мумкинки, вилоят хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан кўрилган ишларнинг 99 фоизи шу тартибда, қисқа муддатларда ечимини топмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясидаги нутқида бугун дунёда хавфсиз саёҳат энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолаётгани таъкидланган эди. Шу асосда Юртбошимизнинг сессиядаги биринчи таклифи ҳам туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлаш бўйича бўлди. Яқинда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси асосида “2027-йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” резолюцияси маъқулланди. Яъни, биз танлаган йўлнинг самарадорлиги жаҳонда эътироф этилди.
Айтиш жоизки, юртимизда бу борада ишлар бошланганига анча бўлган. Хусусан, фаолияти 2017-йилда йўлга қўйилган туризм полицияси айни йўналишдаги энг истиқболли лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Самарқанд вилояти хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан бугун ҳудуддаги барча сайёҳлик масканлари, зиёратгоҳ ҳамда тарихий обидалардаги криминоген вазият назоратга олинган. Ҳар бир обектда навбатчилик қисмлари ташкил этилган бўлиб, сайёҳлар бориши мумкин бўлган масканларнинг 90 фоиз ҳудуди кузатув камералари билан жиҳозланган. Ҳар бир камера вилоят ички ишлар бошқармасидаги ситуацион марказга уланган бўлиб, тизим ходимлари жойлардаги вазиятни реал вақт режимида кузатиб бориши ҳамда видеоахборот асосида тезкор қидирув тадбирини ташкил этиши мумкин.
Бугун салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизими яратилган. Яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилган.
Тизим ходимлари билан мулоқот вақтида шу нарсага амин бўлдикки, уларнинг вазифаси фақат ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ёки содир бўлганларини фош этишдан иборат эмас экан. Кези келса, улар психолог, таржимон, гид-экскурсовод хизматларини кўрсатишига, сайёҳларнинг йўқолган буюмларинида топишда кўмак беришига тўғри келади.
Меҳмон Амир Темур мақбараси ҳудудида катта ҳажмли қимматбаҳо китобини унутиб қолдирган
— Франсиялик сайёҳдан мурожаат бўлди, - дейди Фаррух Асадов. –Биз мақбарани қидириб, китобни топа олмадик. Шундан кейин кузатув камералари ёрдамида қидирув бошланди. Бироқ воқеадан кейин ҳеч ким мақбарадан китоб билан чиқмаган эди. Фақат бошқа бир туристлар гуруҳида келган сайёҳнинг қўл сумкаси китобни сиғдира оладиган даражада катталиги эътиборимизни тортди. Сайёҳлик агентликлари билан боғланиб, гуруҳнинг қайси меҳмонхонада жойлашганлигини, меҳмонхона камераси орқали эса ўша сайёҳ қайси хонада турганлигини топдик. Тахминимиз тўғри чиқди. Фаолиятимизда бу каби ҳолатлар кўп учрайди.
Соҳа ходимларига катта масъулият юкланган. Шу билан бирга, уларга қўйилган талаблар ҳам оз эмас. Мисол учун, унда хизмат вазифасини ўтаётган ходимлар рус тилидан ташқари, инглиз, немис, франсуз, хитой, япон, корейс ёки турк тилларидан бирида бемалол сўзлаша олиши керак. Бундан ташқари, улар тарихимизни билиши, миллий ҳамда бошқа тилларда гаплаша олиши ва ўзга маданиятдан хабардор бўлиши мулоқотга киришувчанлик талаб қилинади. Айни билим ва кўникмаларни ривожлантириб бориши учун ходимлар йил давомида махсус дастур бўйича ўқув курсларида иштирок этади.
— Уч йилдан бери шу тизимда ишлайман, унгача мактабда ўқитувчи эдим, - дейди ички ишлар бошқармаси хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси жамоат хавфсизлиги бўлими инспектори Шарифа Турсунпўлатова. – Рус, инглиз тилларида бемалол сўзлаша оламан. Хизматга қабул қилинганимдан кейин бошқа зарур малакаларни ўрганишимга тўғри келди. Мисол учун, фаолиятимизда хорижлик сайёҳларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишга ҳам тўғри келади. Бу одатда уларнинг иқлим ўзгаришини ёмон қабул қилиши ёки кўп ҳолларда “кучли” овқатларни меъёридан ортиқ тановул қилиши билан боғлиқ. Шунинг учун ҳар бир туризм обектидаги хизмат шохобчаларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармон жамланмаси мавжуд. Сайёҳни кўрикдан ўтказгач, зарур ҳолларда тез тиббий ёрдам хизматини чақирамиз. Ишимиз ўта масъулиятли, шу билан бирга, завқли ҳам. Юртимиз меҳмонларидан раҳмат эшитиш, уларнинг мемҳондўст халқимиз, гўзал табиатимиз ва қадамжоларимиз ҳақида завқланиб гапиришини тинглаш бизга куч ва ғайрат беради.
Маълумотларга кўра, вилоятимизда туризм полицияси хизматининг фаолият ҳудуди янада кенгаймоқда. Энди туман ҳамда вилоятнинг тоғли ҳудудларидаги туризм масканларида ҳам тегишли хизмат бўлимлари ташкил этилади. Айтилганидек, асосий мақсад - юртимизнинг туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда хавфсиз туризм консепсияси ижросини таъминлаш.
Асқар БАРОТОВ.