Темир йўл вокзалига ҳужжатсиз кириш мумкин, фақат...

Яқин кунларгача темир йўл вокзалига кимнидир кузатиш ёки кутиб олиш учун борганлар шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз вокзал ҳудудига кира олмас эди. Турли вазиятлар бўлади, кимдир ҳужжатини унутиб қолдирган, яна кимдир вокзалга бориши кераклигини кеч билган, хуллас, бу аҳоли учун бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқаргани бор гап. Энди эса бундай муаммо йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги “Аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, темир йўл вокзалларига ташриф буюрувчилардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатни сўраш тартиби бекор қилинди. Аксинча, энди фуқароларнинг вокзал биносига кириб-чиқиши учун янада соддалаштирилган тартиб жорий этилмоқда.

– Бу ҳужжати йўқ фуқаролар бутун вокзал ҳудудига кириши мумкин, дегани эмас, - дейди Самарқанд темир йўл вокзали бошлиғи Фирдавс Назаров. – Низомга кўра, ҳужжатсиз фуқаролар фақат вокзал биносига кириб, поездни кутишлари мумкин. Йўловчилар платформасига эса фақат чиптага эга бўлган йўловчилар ҳамда ҳаракатланиши чекланган бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни кузатувчи ва кутиб олувчи шахсларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан ўтишларига рухсат берилади. Чиптага эга бўлмаган шахслар, шунингдек, чиптада кўрсатилган маълумотлар йўловчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатидаги маълумотларга мос бўлмаган шахсларнинг йўловчилар платформаси ва йўловчи ташиш вагонларига киришига йўл қўйилмайди.

Яъни, ҳаракатланиши чекланган, бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни бевосита кузатувчи шахслар перронга ўтиши учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишлари лозим. Шу билан бирга, ҳар бир фуқаро ва уларнинг юклари вокзал ҳудудига киришидан олдин ваколатли идора ходимлари томонидан кўздан кечирилади. Бу ўз навбатида поезд ҳаракати ҳамда йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қулайликлар фақат шундан иборат эмас. Маълумотга кўра, жорий йил Самарқанд темир йўл вокзали орқали “Андижон - Хива”, “Хива - Андижон”, “Термиз - Андижон”, “Қўнғирот - Андижон” йўналишлари бўйича поезд қатнови йўлга қўйилган. Шунингдек, Президентнинг тегишли қарори талабларидан келиб чиқиб, Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясидан 6 та тезюрар электропоезд ҳамда Чехиянинг Скода компаниясидан 30 та электропоезд сотиб олиш режалаштирилган. Айни харид миллий темир йўл хизматини замон талабларига мослаш имконини беради.

Асқар БАРОТОВ.