Тест топширмай талаба бўладиган абитуриентларни биласизми?

Бугун Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ўқиш учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.

– Институтнинг дизайн, интернерли лойиҳалаш ва дизайн, ландшафт дизайн йўналишларига ариза топширган абитуриентлар ижодий имтиҳон топширмоқда, – дейди қабул комиссияси масъул котиби Ғулом Ортиқов. – Йигит-қизлар қаламтасвир, рангтасвир ва чизмачилик фанлари бўйича 29 июлдан 31 июлга қадар ижодий синовдан ўтказилади. Ижодий ишлар Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Қурилиш вазирлиги бириктирган масъул назоратчилар томонидан белгиланган низом асосида баҳоланади. Ушбу йўналишларда ўқиш истагини билдирган абитуриентлар юз фоизлик баҳолаш тизимида балл тўплайди ва тест топширмайди. Улар тўплаган балл ижодий ишлар қабул қилингандан сўнг 3 кун ичида эълон қилинади.

Мазкур йўналишларда таҳсил олиш учун ариза топширган 336 нафар абитуриентларнинг энг билимли ва иқтидорлилари саралаб олинади ва уларнинг 50 нафари талабаликка қабул қилинади. 

– Қизим Мавлуда Усмонова Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг ландшафт дизайн йўналишида ўқиш учун ижодий имтиҳон топширяпти, – дейди Навоий вилояти Учқудуқ туманидан келган Нигора Омонова. – Бугун фарзандим йиллар давомида олган билим ва тажрибаларини амалиётда қўллаб, яхши натижага эришади деган умиддаман.  Биз, ота-оналар имтиҳон жараёнларини монитор орқали кузатиб турибмиз. Тўғриси, ҳеч кимда норозилик кайфияти йўқ, ҳаммаси адолат ва шаффофлик билан ўтяпти.